Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Тошкент шаҳар ИИББ таркибидаги Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг фойдаланишга топширилган янги маъмурий биносини очилиш маросимида иштирок этди
2024-07-20 22:00:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йилнинг 25 июль кунидаги алоҳида қарорларига асосан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тузилмаси қошида, янги, Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ташкил этилиб, фаолият олиб бормоқда.
Тор соҳадаги мутахассисларни қамраб олган мазкур бошқарма ахборот технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фош этиш ва уларга барҳам беришга ихтисослаштирилган бўлиб, киберхавфсизлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тергов, эксперт-криминалистика ва ташкилий бўлинмаларидан ташкил топган.
Белгиланган вазифаларни юқори даражада ва сифатли бажариш ҳамда Давлат раҳбарининг соҳага оид қарорларини ижросини таъминлаш мақсадида бошқарманинг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, соҳа масъуллари ва фахрийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари ҳамда жамоатчилик қатнашдилар.
Тадбир жараёнда, ахборот хавфсизлиги бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга эканлиги, халқимизни бу турдаги жиноятлардан ҳимоя қилишда мазкур тузилманинг аҳамияти кун сайин ошиб бораётганлиги, шунингдек ходимлар учун яратилаётган шароитлар уларнинг масъулиятини каррасига ошириши зарурлиги таъкидланди.
Эндиликда кибермаконда содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар, бошқарма томонидан алоҳида ягона тизим асосида ҳисобга олиниб, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари яхлит бошқарув ва узлуксиз тартиб асосида амалга оширилади.
Бундай ихчам ва соддалаштирилган тизим, келгусида халқимизнинг ортиқча сарсонгарчилигини олдини олиш билан бир қаторда кибермакондаги жиноятларни тезкорлик билан сифатли фош этишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир давомида мутасаддилар томонидан бошқарма ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий техник анжомлари, махсус воситалар ва аслаҳалар билан танишдилар.