Ички ишлар вазири ёшлар билан учрашув ўтказди
2024-06-26 19:00:00 / Янгиликлар
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов «Ёшлар ойлиги» муносабати билан ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар ҳамда ИИВ тизимидаги академик лицей ўқувчилари билан учрашиб улар билан самимий мулоқот ўтказди, шунингдек ёшларнинг таклиф ҳамда мулоҳазаларини тинглади.
Бугун юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик боис эртамиз умидлари илм-фан, маданият, спорт соҳасида мамлакатимиз довруғини юқорига кўтариш мақсадида астойдил ҳаракат қилишмоқда. Бу борада уларга ҳар жабҳада елкадош раҳбарлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири айни мақсадда тизимда хизмат қилаётган ёшлар билан учрашди.
Мулоқот аввалида сўзга чиққан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов айни кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш уларга зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ички ишлар органларида қатор ислоҳот ва ташаббуслар илгари сурилаётгани, ўз навбатида, соҳада касбига фидойи ва садоқатли, юклатилган вазифаларни виждонан бажариб, юксак натижаларга эришган кўплаб ёш ходимлар борлигини таъкидлаб, улар билан фахрланишини билдирди.
Таъкидлаш лозим сўнги саккиз йил ичида Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшлар масалалари Давлат сиёсати даражасигача кўтарилди.
Жорий йил — «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинганлиги ҳам ёшлар масаласи нақадар муҳим эканлигини аниқ кўрсатиб бермоқда.
Ташкил этилган учрашув ёшлар томонидан билдирилган янги ташаббус ва таклифлар билан янада қизғин ўтди. Айниқса ёшлар томонидан йўлланган саволларга вазир томонидан алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этиш лозим айни кунда Ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг 30 фоизини айнан ёшлар ташкил этади ҳамда улар ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор.
Айниқса спорт соҳасида қўлга киритилаётган ютуқлар йил сайин ошиб бормоқда.
Ёш ходимлар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъдодларни кашф этишга қаратилган «Энг фаол ёшлар етакчиси», «Тўмарис издошлари», «Заковат», «Ёш китобхон», «Қувноқлар ва Зукколар», «Аждодлар изидан», «Ҳарбий эстафета», «Жанговар марш» каби турли танлов ва мусобақалар ўтказиб келиниши эса улардаги янги истеъдод ва қобилиятларни кашф қилишда асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Учрашув давомида ана шундай фидоий ва юқори натижаларга эришган ёш ходимлар Ички ишлар вазири томонидан турли идоравий кўкрак нишонлари,қўл соатлари, янги хонадон олиш учун сертификатлар ва фоизсиз ссуда олиш учун ваучерлар тантанали топширилди.
Тадбир якунида Ички ишлар вазири томонидан ёшларга халқимизга садоқат билан хизмат қилиш олий бурч эканлиги, берилган вазифаларни масъулият ва шараф билан адо этиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз экани таъкидланди.