Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан тунги вақтда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида аҳоли осойишталигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди
2024-06-20 12:00:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларда криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда маҳаллаларда осойишталикни сақлаш бўйича белгиланган вазифаларни амалий ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча шаҳар-туманларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ тунги вақтда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар давомида асосий эътибор аҳоли говжум йирик савдо марказлари, истироҳат боғларида фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга қаратилди.
Шайхонтоҳур тумани «Жангоҳ» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Корзинка» савдо мажмуасида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар, хавфсизлик чоралари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси билан танишилди.
Бундан ташқари, савдо мажмуаси раҳбариятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда хавфсизлик чораларини янада кучайтириш ҳамда нарх-наволарни асоссиз равишда оширмаслик бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш, йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш, қўпол қоидабузарлик ҳамда қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга чек қўйиш мақсадида ташкил этилган «Ҳамкор» гуруҳлари фаолияти ўрганилди.
Олмазор туманида жойлашган «Riviera Mall» савдо-кўнгилочар мажмуасида атрофида хизмат олиб бораётган «Ҳамкор-12» гуруҳи фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинди. Хизматга жалб этилган куч воситалар кўздан кечирилиб, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши бўйича ходимлар билан суҳбат ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини ўрганиш мақсадида Олмазор тумани Нурафшон кўчасида йўл чизиқларини чизиш жараёни билан танишди.
Масъуллар билан йўл чизиқларини сифатли даражада чизилиши бўйича қатор фикрлар алмашиниб, тегишли кўрсатмалар берди.
Дастур доирасида, пойтахтимизнинг барча туманларида автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, ётиқ йўл чизиқлари ҳамда пиёдалар ўтиш жойларида йўл белгиларини янгилаш ва қўшимча белгилар ўрнатиш, барча ҳаракат иштирокчилари учун қулай шароит яратишга қаратилган ишлар ҳамда йўлларда қатновчи транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўрганишлар давомида Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида жойлашган тунги вақтда аҳолига хизмат кўрсатувчи савдо мажмуалари ҳамда истироҳат боғларида яратилган шароитлар, хавфсизлик чора-тадбирлари кўздан кечирилди.
Жумладан, Шайхонтоҳур тумани «Лабзак» маҳалласида жойлашган «Анҳор бўйи» истироҳат боғида аҳолига яратилган шарт-шароитлар, хавфсизлик чоралари билан танишилди. Шу ернинг ўзида жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича масъулларга қўшимча топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш ишлари пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати