Давлат раҳбарининг топшириғига кўра юртимизда криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари томонидан жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда
2024-05-23 10:00:00 / Янгиликлар
Мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод ҳамда Мирзо Улуғбек туманлари ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда тунги вақтларда ташкил этилаётган ишлар ўрганилди.
Туманларда криминоген вазиятни яхшилаш борасидаги ижобий тажрибалар «қизил» тоифага тушган маҳаллаларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ташкил қилинмоқда.
Жиноятларнинг аксарияти тунги вақтларда содир этилиши ҳисобга олиниб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида криминоген оғир маҳаллаларга тунги навбатчиликка жалб этилган зарур куч ва воситалар тақсимланиб, муаммолар маҳаллаларни ўзида ечишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Текширув жараёнида пойтахт ҳудудига кириш ва чиқиш йўналишларида хавфсизлик чораларининг тўғри ва тизимли ташкил этилгани Юнусобод туманидаги «Уч қаҳрамон» ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги «Қорамурт» йўл патруль хизмати масканлари мисолида ўрганилди.
Ишчи гуруҳ томонидан шахсий таркиб томонидан, хизматни тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди, бунда асосий эътибор масканларнинг маъмурий ҳудудларида видеокузатув қамрови оширилиши, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилди.
Шунингдек, Юнусобод туманида янги фойдаланишга топширилган туманнинг «Халқабоғ», «Барҳаёт», «Кулолқўрғон» ҳамда «Мурувват» маҳаллаларини қамраб олган 2-сонли Ҳуқуқ тартибот маскани фаолияти билан танишилди.
2-сонли Ҳуқуқ тартибот маскани тасарруфидаги маъмурий ҳудудда жиноятлар сони деярли икки бараварга камайгани ҳамда битта маҳаллада умуман жиноят содир этилмагани алоҳида эътироф этилди.
Мазкур ижобий тажрибаларни бошқа туман ИИБларига татбиқ этиш, тунги вақтда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликни барвақт олдини олиш, ҳисобда турган шахслар, нотинч оилалар ҳамда уюшмаган ёшлар билан «хонадонбай» ва «фуқаробай» иш ташкил этиш ҳамда жиноятларнинг сабаб ва омилларини тизимли ва илмий таҳлиллар орқали аниқлаб, келгусида уларнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек ишчи гуруҳ аъзолари Мирзо Улуғбек тумани «Экобозор», «Атлас» ва «Чимган» савдо мажмуаларида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда хавфсизлик чораларига эътибор қаратилди, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларда бириктирилган ходимларнинг шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди.
Савдо мажмуаларида хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган ходимларнинг ахборотлари тингланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбир жараёнида асосий эътибор, хизматни тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тунги хавфсизлик чораларини ўрганиш ишлари бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.