Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ тунги вақтда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ўрганиш ишларини олиб борди
2024-05-19 10:35:00 / Янгиликлар
Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда тунги вақтларда ташкил этилаётган ишлар ва ҳудудларда амалга татбиқ этилаётган хавфсизлик чоралари тизимли равишда ўрганиш давом этмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижроси ўрганилди.
Унга кўра, пойтахтимизнинг барча туманларида автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, ётиқ йўл чизиқлари ҳамда пиёдалар ўтиш жойларида йўл белгиларини янгилаш ва қўшимча белгилар ўрнатиш, барча ҳаракат иштирокчилари учун қулай шароит яратишга қаратилган ишлар ҳамда йўлларда қатновчи транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбир давомида Шайхонтоҳур тумани Беруний кўчасида жойлашган «New Universal Development» масъулияти чекланган жамиятга қарашли «Alpomish» муз саройи ҳамда «Ecobozor» савдо мажмуасида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда хавфсизлик чораларига эътибор қаратилди.
Мазкур спорт маскани ҳамда савдо мажмуаларида хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган ходимларнинг ахборотлари тингланди, ходимларнинг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича тезкор шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Хусусан, Шайхонтоҳур тумани «Шодлик» маҳалласидаги 362-сонли ички ишлар органлари таянч пункти фаолияти ҳамда шахсий таркиб томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда тунги вақтда олиб бораётган хизмати билан танишилди. Маҳаллада кенг ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, видеокамера қамрови кенгайтирилганлиги ҳисобига (барча кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига видеокамералар ўрнатилиб, профилактика инспектори хизмат хонасига интеграция қилинган) «яшил» тоифага ўтганлиги, аҳолининг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Тадбир давомида, Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 5-сон ИИБ фаолияти ҳамда туманнинг «Шифокорлар» маҳалласида ташкил этилган ишлар билан танишилди. Жараёнда, маҳаллалар кесимида амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижалари намойиш этилди.
Амалга оширилаётган ижобий ишлар натижасида Шайхонтоҳур тумани 5-сонли ИИБ тасарруфидаги маъмурий ҳудудда жиноятлар сони қарийб икки баробар камайгани, ишчи гуруҳ томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ўрганиш жараёнида «Шифокорлар» маҳалласининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида мазкур маҳаллага тунги навбатчиликка жалб этилган зарур куч ва воситалар режали тақсимланиб, муаммолар маҳаллани ўзида ечишга алоҳида эътибор берилаётганлиги, бошқа туманлардаги маҳаллаларга ҳам намуна тарзида татбиқ этилиши бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўрганиш жараёнида, аниқланган барча камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш ишлари пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.