Ички ишлар вазири бир нечта хонадонларга ташриф буюриб, фахрийлар, нуронийлар ва кекса авлод билан учрашиб, давлатимиз раҳбарининг эзгу тилакларини етказди
2024-05-08 20:50:00 / Янгиликлар
Хотира – азиз, қадр – муқаддас. Юртимизда байрамлар олдидан кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш, нуроний, фахрийлар ҳолидан хабар олиш яхши анъанага айланган. Сабаби, бугунги осуда кунларимиз, фаровон турмушимиз уларнинг машаққатли хизмати ва букилмас иродаси эвазига эканини унутмаслик лозим.
Айни шу мақсадда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва масъуллар пойтахтимизда истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ва фронт орти фахрийлари хонадонларида бўлиб, Президентимизнинг байрам табрикларини етказишди, шунингдек байрам совғаларини улашиб, қувончларига шерик бўлишди.
Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи Циглинцева Тамара Петровнанинг болалик пайтлари Ленинград қамалида ўтган. Урушнинг машъум хотиралари унинг мурғак қалбида муҳрланган. Эллик тўққиз йил умрини меҳнат қилишга сарфлаган, кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказган қаҳрамонимиз бугунги дориламон кунларга шукрона келтиради.
Яна бир фахрийимиз – Чилонзор тумани, Нафосат маҳалласида истиқомат қилувчи Комарова Мария Сергеевна бўлади. Иккинчи жаҳон урушининг инсонлар қалбидаги оғриқли онларининг даҳшатини кинофильмлар орқали эмас, ўз хотиралари билан эслайди. Кучли ирода, матонат ва ҳаётсеварлик Мария Сергеевнани бугунги тинч ҳамда фаровон кунларгача етиб келишида муҳим восита бўлди. Қаҳрамонимиз Ички ишлар вазири билан учрашувда албатта, бугунги осойишта кунларга етиб келганидан бахтиёрлиги, давлат раҳбарининг эътиборидан миннатдор эканини билдирди.
Масъуллар ушбу маҳаллада яшовчи яна бир фахрий – Соколова Тамара Михайловна хонадонида бўлиб, нуроний онахон билан суҳбатда бўлишди. Ҳаётининг кўп қисмини ўзбек халқи билан ўтказган қаҳрамонимиз ўттиз олти йил умрини илмга, ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлади. Ички ишлар вазири хонадонига ташрифи давомида Тамара Михайловна билан самимий суҳбатлашар экан, унинг машаққатга тўла умр йўли бугунги ёш авлод учун чинакам ҳаёт мактаби эканини таъкидлади.
Мутасаддилар кекса фахрийлар билан учрашиш асносида уларнинг яшаш шароити, саломатлиги ҳамда муаммоларини ҳам ўрганишди. Фахрийлар хонадонларига ташрифлар давомида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қоровул қўшинлари оркестрлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар уларга яна бир бор кўтаринки кайфият улашди. Бу каби тадбирлар республика миқёсида ўтказилмоқда ва уларда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.