Тез-тез бериладиган саволлар
Давлат хизматчиси тадбиркор ёки унинг муассиси бўлиши мумкинми?
Давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:
- ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон қонунларида ҳамда Президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;
- тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;
Агар жой мулкдори умумий мол-мулкига кўрсатилаётган хизматдан қониқмаса мажбурий бадалларни тўламасликга ҳуқуқи борми?
Йўқ, агарда мулкдор уйга кўрсатилаётган хизматдан қониқмаса, у бу масалани ширкатнинг бошқарувини, бошқарув раисини сайлаш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ваколатига эга ширкат аъзолари умумий йиғилишига киритиши керак.
Мен яшаётган квартирадан ўтган совуқ сув қувурини ўз хисобимдан алмаштирдим. Ширкат мен қилган сарф-харажатларни коммунал хизмат тўловларига ўтказишни истамаяпти. Сиз қандай маслаҳат берасиз?
Сиз аввалом бор эски сув қувурларини алмаштиришингиз ҳақида ширкат билан келишиб олишингиз, кейин таъмирлаш ишлар охирида қилинган ишларни ҳужжатлаштириш уларга тақдим этишингиз лозим эди. Шунингдек хужжатга қувурларни сотиб олганлигингиз ва бажарилган ишлар учун тўлаган пулингизни тасдиқловчи чекни илова қилинади. “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 30–моддасида айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш юзасидан аризаларни кўриб чиқиш тартибини тушунтиринг?
Транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йил 26-майдаги 256-сонли қарори асосида амалга оширилади.
ЙҲХХ органларида юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари эгаси корхона ёки ташкилотнинг ёзма аризаси фуқаролар учун шахсий паспорт ёки унинг ўрнига берилган ҳужжат, транспорт воситасини қонуний сотиб олинганлигини, рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.
Юридик шахслар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этадилар.
Транспорт воситалари уларни қайд этишдан олдин ҳудудий мудофаа ишлари бўйича бўлимларда рўйхатдан ўтказилади ёки рўйхатдан чиқарилади.
Янги ташкил этилган ташкилот ва корхоналарни автохўжаликларни рўйхатдан ўтказиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш учун етарли жой майдони (гараж, автосарой) мавжудлиги ёки бундай жой ижарага олинганлиги ҳақидаги шартномадан нусха, ҳудудий ЙҲХХ органи томонидан шу жойнинг кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги далолатнома тақдим этилади.
Транспорт воситалари ушбу ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказилади:
Транспорт воситаларининг турар-жой ёки эгасининг яшаш жойи ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
белгиланган тартибда ариза;
техник ҳужжат (қайд этиш гувоҳномаси, техник паспорт, техник талон);
корхона ва ташкилотлар транспорт воситаларининг турган ўрни ўзгаришига асос бўлган ҳужжат (буйруқ, ижара шартномаси, ҳокимлик қарори);
транспортларнинг турган ўрнини ҳудудлардаги ЙҲХБ органлари томонидан кўрикдан ўтказганлиги ҳақидаги далолатнома;
Ташкилотнинг номи, эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
белгиланган тартибда ариза;
исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (буйруқ, фармойиш, қарор);
фуқаролар учун шахсий паспорт, фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик ҳолатини далолатномаларини қайд этиш органи ёки суд органи томонидан берилган ҳужжат).
Эгаси ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
белгиланган тартибда ариза;
нотариал идоралари томонидан берилган олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномалари, ворислик, мерос ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар;
суд қарори;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси идоралари томонидан берилган ордер;
четдан келтирилган ва божхона назорати остида турган транспорт воситалари учун божхона идораси томонидан бериладиган махсус гувоҳнома.
Хорижий фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш қандай тартиб асосида амалга оширилади?
Хорижий фуқароларни Ўзбекистон олий таълим муассасаларига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2008 йил 4 августдаги 169-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Хорижий фуқароларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган муддатларда яъни бакалавриатга кириш учун 20 июндан 20 июлга қадар, магистратурага кириш учун 1 июлдан 30 июлга қадар қабул қилинади. Ўрнатилган тартибга биноан хорижий фуқаролар ҳужжатларини тегишли олий таълим муассасасининг Қабул комиссиясига тўғридан-тўғри топширишлари керак.
Хорижий фуқаролар бакалавриатга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 1 август куни ўтказиладиган тест синовлари натижалари асосида қабул қилинадилар. Магистратурага эса олий таълим муассасалари томонидан мустақил равишда таҳминан 1-10 август оралиғида ташкил этиладиган кириш имтиҳонлари натижаси асосида қабул қилинадилар.
Хорижий фуқароларни талабалар сафига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори асосида тест синовлари (бакалавриат учун) ёки кириш имтиҳонлари (магистратура учун) натижаларига кўра амалга оширилади.
Иккинчи қаватдаги қўшниларимиз балконни кенгайтиришди ва энди у ойнамиз тепасида хавф солиб турибди. Квартирага ёруғлик камроқ тушадиган бўлди, бундан ташқари, бизни бир савол ўйлантиради: балконнинг конструкцияси нечоғлик мустаҳкам? Қонун нуқтаи назаридан уларнинг ҳаракатларига йўл қўйиладими?
Даставвал, балконнинг майдони айнан қанчага кенгайтирилганлигини тушуниб олиш керак. Агар бу чиқариб ойна солиш, гуллар учун токчалар ёки балконни ташқари томондан қоплаб иссиқ қилиш ҳисобига 25-30 см га кенгайтириш бўлса, балкон майдонини бундай кенгайтиришда муаммо бўлмайди. Кўриб чиқилаётган ҳолатда объектнинг ҳажми ва майдони ўзгартирилишини кўзда тутадиган объектни реконструкция қилиш ҳолати мавжуд. Бунинг учун Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомга1 мувофиқ чекланмаган амал қилиш муддатига бериладиган рухсатномани олиш лозим. Шунинг учун, қўшниларнинг рухсатномаси бўлган тақдирда уларнинг ҳаракатлари қонуний бўлади. Агар рухсатнома бўлмаса бу шаҳарсозлик қоидаларини бузиш ҳисобланада ҳамда сиз даъво билан судга ёки шикоят билан Бухоро вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасига ва туман (шаҳар)лар архитектура ва қурилиш бўлимларига мурожаат қилишингиз мумкин.
