Қўракўл тумани: Дилсора Жўраева кичик корхонасини фабрикага айлантириш орзусида
2025-11-05 19:45:00 / Янгиликлар

Шу маҳалласида яшовчи Дилсора Жўраева ҳам бугун ҳалол-покиза меҳнати билан оиласига барака олиб кириб, маҳалласига ибрат бўлаётган чеварлардан бири. Бир муддат ишсиз ва даромадсиз қолган Дилсора ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида 33 миллион сўм имтиёзли кредит сармоясини олиб, бу пулга замонавий тикув машиналарини харид қилиб, чеварлик фаолиятини йўлга қўйди.
Ташаббускор аёл бизнес лойиҳаси ишга тушиши натижасида маҳалладаги бир нечта хотин-қиз ҳам доимий иш ўрнига эга бўлишди. Айнан Дилсора бугун ўзи сингари қўлида ҳунари бўлатуриб уйда ўтириб қолган 4 нафар аёлнинг бандлигини таъминламоқда. Худди шундай, яна 6 нафар қиз кичик корхонага қатнаб, устоз-шогирд анъанаси асосида тикувчилик сирларини ўрганмоқда.
Дилсора учун бу иш фақат тирикчилик манбаи эмас, балки маҳалла аёлларини бирлаштирган, уларни ўз меҳнати орқали даромад топишларига ундаган мақсад-муддао ҳамдир. Унинг цехида тикиб тайёрланаётган бежирим кийим-кечаклар ўз харидорини топган, буюртмалари эса ошиб бормоқда.
— Авваллари фақат орзу қилардим, энди эса ўша орзуларни мақсадга айлантириб, ишлаб моддий манфаат топаяпман. Баҳолиқудрат бир неча оилага қўшимча даромад топишларига имконият яратилди,—дейди Дилсора Жўраева табассум билан.—Ҳар бир қизимизнинг қўлида тикувчилик ҳунари сайқал топмоқдаки, бу кичик корхонамиз, жамоамизга даромад келтирмоқда. Келгусида замонавий тикув фабрикаси очиб, яна маҳалладошларимизни иш билан таъминламоқчиман.
Бундай лойиҳалар маҳаллаларда аёллар фаоллигини ошириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва иқтисодий мустақилликка эришиш йўлидаги амалий қадамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









