Когон: “Сиёзпоён”да ёш ҳунарманд Сардор Тойиров ўз устахонасига эга
2025-11-05 19:40:00 / Янгиликлар

Когон туманида ҳам оилавий тадбиркорлик асосида фаолиятини кенгайтираётган ҳунарманд, бизнес вакиллари сафи кеенгаймоқда. Улар самарали иш олиб бориши, маҳсулдорлик билан бирга иш ўринлари яратиши ва моддий манфаатдорликни оширишлари учун зарур шарт-шароит яратиб берилмоқда.
Сиёзпоён маҳалласида яшовчи Сардор Тойиров ҳам ёш бўлишига қарамай, тенгқурларига намуна бўлаётган уста ҳунармандлардан. Харидорлар талаб ва таклифидан келиб чиқиб дастлаб эшик, дераза ясаб, дурадгорлик билан шуғулланган уста бугунга келиб хонадонида мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бунда у оилавий жамғармасидан 100 миллион сўмга яқин маблағ сарфлаб, махсус технология харид қилган. Айтиш ўринлики, ёш ҳунарманд аллақачон отаси қанотига кириб, унга камарбаста бўлиш билан бирга, оиласи фаровонлигига ҳам ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирда хонадон устахонасида ясаб тайёрланаётган 10 турга яқин уй жиҳозлари аллақачон ўз харидорини топган. Бунда устанинг цехини ривожлантириш мақсадида жорий йил бошида маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси асосида 40 миллион сўм кредит маблағи ажратилгани ҳам ёш тадбиркор учун муҳим моддий мадад бўлиб хизмат қилмоқда.
Ёш ҳунарманд ҳозирда буюртма асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан ойига ўртача ҳисобда 12 миллион сўм соф даромад олишга эришмоқда. "Маҳалладошларимизнинг яхши кунларида фойдаланадиган уй-рўзғор жиҳозларини тайёрлаб бераётганимиздан фахрланаман. Мақсадим фаолиятимни кенгайтириб, шогирдлар кўпайтириш, моддий манфаатдорликни янада ошириш", — дейди сиёзпоёнлик ёш тадбиркор Сардор Тойиров.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






