Бухорода янги меҳмонхона очилди
2025-11-05 12:05:00 / Янгиликлар

Буни биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 6,3 млн. нафар, хорижий туристлар сони 2,2 млн нафардан ортганида ҳам кўриш мумкин. Бу рақам сайёҳлар сони 2016 йилдагига нисбатан 14 бараварга кўпайганини кўрсатмоқда. Вилоят иқтисодиётига 614,1 млн. АҚШ доллар миқдорида тушум кузатилгани эса туризм Бухоро иқтисодиётининг муҳим драйверига айланганидан далолатдир.
Айни пайтгача Бухоро вилоятида катта-кичик ҳажмдаги 675 та меҳмонхона негизида 17 310 нафар меҳмонни қабул қилиш қуввати яратилди. Мисол учун, ўтган 10 ойда жами 1953 нафар меҳмон қабул қилиш имконига эга бўлган 85 та янги меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари қуриб битказилди. Туризм ва унга ёндош соҳаларда 80 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.
Замонавий санъат биенналеси давом этаётган шу кунларда эса Бухоро шаҳрида хусусий тадбиркорлар томонидан бунёд этилган меҳмонхона фойдаланишга топширилди.
Ғиждувон кўчасида иш бошлаган 112 та хона ва 224 та ўринга эга бўлган “Ramada Encore by Wyndham” меҳмонхонасининг лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади. International Hotel Service компанияси томонидан замонавий архитектура ва қулай муҳит асосида қурилиш ишлари олиб борилган, 8 қаватдан иборат кўркам бино туризмнинг замонавий барча талабларига жавоб беради. Уч юлдузли даражадаги бу жойда меҳмонхона хизмати билан бир вақтда, конференция зали, бассейн, спорт соғломлаштириш ва ресторанлар каби қўшимча объектлар фаолият кўрсатади. Меҳмонхона очилиши билан 100га яқин йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди ва улар меҳмонхона бошқаруви бўйича хориж тажрибасини ўзлаштириб боради. Эътиборли жиҳати, меҳмонхонада илғор менежмент бошқарувини йўлга қўйиш бўйича дунёнинг топ-50 рейтингига кирувчи “Ramada Encore by” франшизаси шартномаси имзоланган.
Меҳмонхонанинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов бу объект юртимизда биринчилардан бўлиб, жаҳон стандартлари асосида хорижий бренд бошқаруви жорий этилган муҳташам меҳмонхона бўлиб танилишини, бу эса Ўзбекистонда, қолаверса, Бухорода туризмни янада ривожланишида, Осиё ва Европа мамлакатларидан ташриф буюрадиган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишга замин яратишини алоҳида таъкидлади.
Меҳмонхонанинг бошқарув менежери, туркиялик Ятишген Мурадбей бу мажмуа нафақаи хорижий сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли учун қулайлик масканига айланишини қайд этди.
Йиғилганлар меҳмонхонада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









