Бухоро шаҳри: Маҳмуд Таробий ва Шейхон маҳаллалари йўли таъмирланмоқда
2025-10-27 16:30:00 / Янгиликлар

Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, яна бошқа тадбирлар учун ишлаб чиқилган 4 та лойиҳага 742,1 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, кенг кўламли таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилмоқда.
Жумладан, "Маҳмуд Таробий" маҳалла фуқаролар йиғинида ички кўчаларни ободонлаштириш ва аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида шағаллаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бугунгача маҳалладаги Ўтрор аҳоли пункти йўлининг 1,5 километри, қўшимча равишда Кўчабоғи аҳоли пунктининг 500 метр қисмида шағаллаштириш ишлари бажарилган.
Мазкур ишлар учун жами 150 миллион сўм маблағ сарфланган бўлиб, айни кунда кўчани зарур йўл белгилари, тунги ёритиш чиқроқлари билан жиҳозлаш, шунингдек, ҳудуддаги ички йўлнинг яна 500 метр қисмини шағаллаштириш ишлари давом этмоқда.
Худди шундай, “Шейхон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Дўлама” аҳоли пунктида кўпдан буён таъмирталаб аҳволга келган йўлни асфальтлаштириш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида 430 метр узунликдаги, умумий ҳисобда 2450 квадрат метр майдонга эга йўлга асфальт бостирилмоқда.
Бу каби ишларга 261 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Маҳалла аҳолиси учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ўндан ортиқ йўлсоз ишчи-мутахассис ва механизация воситалари жалб қилинган бу ишлар қисқа муддатда якунланиши белгиланган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





