Қоракўл: Човли маҳалласидаги “Uniteks” МЧЖ имкониятларини кенгайтирмоқда
2025-10-24 14:45:00 / Янгиликлар

Биргина собиқ касб-ҳунар коллежи ёнидаги мазкур корхона тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, дастлабки босқичда 50 нафар чеварни ишли қилган бўлса, бугунга келиб 200 нафар иш ўрни яратилгани, босқичма-босқич фабрика цехлари тикувчи чеварлар билан тўлдириб борилаётгани мақсадга мувофиқ.
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Uniteks” корхонаси йилига натура шаклида 500 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, иқтисодий қуввати 3,5 миллиард сўмни ташкил этади. Маҳсулотлар асосан ички бозор эҳтиёжини қондиришга йўналтирилмоқда. Бунда хавфсиз меҳнат шароитлари, ойлик маош миқдори, иш графиги ва дам олиш имкониятлари ҳам ишчи-мутахассислар талаб ва таклифлари асосида яратилган.
—Аввал ишсиз ва уйда бекор ўтиргандим, “Uniteks” корхонасида иш бошлаганимдан сўнг турмушим яхшиланди, оиламга қўшимча даромад олиб кирдим,—дейди чеварлардан бири Феруза Бешимова.— Бу ерда замонавий тикув машиналари, қулай иш муҳити бор. Ойлик даромадим ойига 4 миллион сўмгача етмоқда. Рўзғоримиз кам-кўсти шу меҳнатимиз билан қопланмоқда.
Шу кунларда “Uniteks” МЧЖда иш ўринларини кенгайтириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш баробарида моддий манфаатдорликни ошириш имкониятлари изланмоқда. Бу эса ишда самарадорлигини ошириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот тайёрлаб, буюртмаларни кўпайтириш учун қулай муҳит яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









