Ўзбек тили байрами Бухорода ҳам кенг тантана қилинмоқда
2025-10-21 14:00:00 / Янгиликлар

Халқимизнинг кўп асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган.
1989 йил 21 октябрда она тилимизга давлат тили мақоми берилди, яъни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги тарихий Қонуни қабул қилинди. Бу – фикрни эркин баён қилиш ҳуқуқи ва катта имконият – она тилида гапириш, иш юритиш, ижод қилиш демакдир.
1989 йилда қабул қилинган Қонунга асосан ўзбек тили Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида тан олинди. 1995 йил 21 декабрда Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2020 йилда 23 мартда эса 21 октябрь санасини Ўзбек тили байрами куни этиб белгилаш тўғрисида Қонун қабул қилинди.
Зеро, ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она тилим” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ёшлар маркази фойеси мавзуга мос декорациялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари билан безатилди. Бир томонда театр қаҳрамонлари, бир томонда мусиқа ижрочилари, яна бир томонда китоблар кўргазмаси маданий-маърифий бу тадбирга файз қўшди.
Асосий байрам тадбирида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, санъаткорлар, журналистлар, ёшлар, педагог ходимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбек тили байрами куни муносабати билан вилоят ҳокимининг йўллаган байрам табригини тадбир қатнашчиларига вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов ўқиб эшиттирди.
Эътироф этилганидек, 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллигини юртдошларимиз зўр тантана билан нишонламоқдалар.
Юртимизда давлат тили асосларини чуқур ва атрофлича ўрганишни таъминлаш учун 70 га яқин номдаги қомус, луғат ва қўлланмалар кўп минг нусхаларда чоп этилгани, биргина жорий йилда вилоятимизда 8 мингга яқин географик объектнинг номи давлат реестрига киритилгани, шаҳар ва туманларимиз кўчаларидаги 10 мингдан зиёд ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилгани бу борада эришилган муносиб ютуқлардир.
Янги пайдо бўлаётган сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритишни тизимли йўлга қўйиш учун республика Атамалар комиссиясига вилоятимиз олимлари ва мутахассислари томонидан 200 га яқин таклиф тақдим этилган.
Айни кунда вилоятимиздаги олий ўқув юртларида юзга яқин олимларимиз она тилимиз тадқиқига оид илмий ишларини олиб боришмоқда. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича вилоят комиссияси томонидан жорий йилнинг ўзида икки мингдан ортиқ аҳоли пунктлари тарихий номлари қайта тикланиб, давлат реестр базасига киритилди.
Қолаверса, 2025 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим мактабларида миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ўқитувчиларига маошининг 50 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақ тўланиши она тилимиз фидойиларининг шарафли меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир мазмунан – моҳиятига кўра кенг қамровли, мазмунли бўлиб, бундан 36 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлганлиги, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратганлиги таъкидланди.
Тадбирда намойиш этилган бадиий-мусиқий композицион дастур байрам руҳиятини янада оширди. Ўзбек тили мадҳига бағишланган шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди. Айниқса, вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан саҳналаштирилган саҳна намойиши йиғилганларда улкан таассурот қолдирди.
Ўзбек тили байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танлов ҳамда викториналар шаҳар ва туманларимизда давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









