Шофиркон: Шариповлар оилавий сулоласи қоракўл теридан маҳсулот ассортиментини 30 тага етказмоқда
2025-10-09 16:40:00 / Янгиликлар

Шариповлар оиласи азалдан теричилик ва миллий ҳунармандчилик билан шуғулланиб келади. Оиланинг улуғларидан бири Қодир бобо Шарипов ёшлигидан терини ошлаш, уни сифатли тайёрлаш сирларини ўрганиб, ўз меҳнаткашлиги ва сабр-тоқати билан бу соҳада ўз тажриба мактабини яратган. Бугунга келиб эса унинг авлодларидан Тойир бобо Шарипов, Назир Тойиров, Нодир Шариповлар бу қадимий ҳунарни замонавий услубда давом эттирмоқдалар.
Шариповлар оилавий устахонасида бугунга келиб қоракўли теридан 30 тадан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрланаётган бўлиб, улар орасида бош кийимлар, жойнамоз, сўзана, пальто, камзул, оёқ кийимлар ва бошқа, қўй терисидан тайёрланадиган миллий маҳсулотлар бор. Бунда иш жараёни тўлиқ табиий меҳнат, қўл кучи асосида амалга оширилади: қоракўли қўй териси маҳаллий чўпон-чўлиқлардан олинади, оила аъзолари томонидан ошланади ва тайёр маҳсулот ҳолига келтирилади.
Мазкур фаолият нафақат ҳунармандчилик, балки ижтимоий аҳамиятга эга тадбиркорлик йўналиши ҳамдир. Айниқса, куз ойларида, асосий ишлаб чиқариш мавсумида устахонада 10 га яқин маҳаллий фуқаро иш билан таъминланади. Ҳар бир ишчи мавсум давомида ўртача 6–7 миллион сўм даромад топади. Бу эса нафақат бир оила, балки маҳалланинг иқтисодий барқарорлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шариповлар оиласи томонидан тайёрланаётган қўл меҳнати намуналари ҳозирда нафақат вилоят ёхуд республика бозорларида, балки хорижда ҳам ўз харидорларини топган. Уларнинг маҳсулотлари Туркия, Эрон, Россия каби давлатларга экспорт қилинаётгани миллий ҳунармандчилигимизнинг халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани далолати.
Шофиркон туманидаги ана шундай намунали оилалар, интилиши, ҳунарга бўлган қизиқиши ва ҳаракати билан қадимий ҳунарни авлоддан-авлодга ўтказиб келаётган миришкорлар меҳнатига қойил қолмай иложи йўқ. Куни кеча “Халқ банки” вилоят филиали раҳбарининг аёллар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Наргиза Латипова ҳамда бошқа масъуллардан иборат ишчи гуруҳи мазкур оила иш фаолияти, устахонадаги кундалик жараён, ишлаб чиқариш ҳажми, мавжуд муаммолар билан танишди. Улар ҳунармандларга фаолиятни кенгайтириш, маркетинг ва экспорт салоҳиятини оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар. Зеро, шофирконлик Шариповлар оиласи фаолияти ёш авлод учун ибратдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









