Бухоролик устоз-мураббийлар шарафланди
2025-09-30 16:55:00 / Янгиликлар

Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди. Зеро, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Устозлар – дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлардир!”.
1 октябрь—Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Бухорода соҳа фидойиларини шарафлаш тадбири “Sahid Zarafshon” тантаналар саройида бўлиб ўтди. Тантанага фан, таълим, маданият, санъат, спорт соҳаларида узоқ йиллар ёш авлод таълим-тарбиясида беминнат хизмат қилган фахрий устозлар, илғор ёш педагог ва мураббийлар таклиф этилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг бухоролик фидойи ўқитувчи-педагогларга йўллаган байрам табригини вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим соҳаси Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида ривожлантириладиган долзарб жабҳалардан бири сифатида белгиланган. Вилоятимизда ҳам бу устувор ғоя соҳани тубдан ислоҳ қилишда ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, сўнгги йилларда вилоятимиздаги таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, биргина шу йилнинг ўзида вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизими учун 94 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига умумий қиймати 226 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури асосида 20 дан ортиқ муассасаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларининг аксарият қисми айнан таълим муассасалари инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилмоқда.
Бу саъй-ҳаракат айни кунда вилоятимиздаги 2 900 дан ортиқ таълим даргоҳида масъулиятли касб фаолиятини олиб бораётган 50 мингдан ортиқ педагог-ходимга муносиб шарт-шароитни яратиш, баркамол авлод вакилларининг талаб даражасида билим олишларини таъминлаш учун амалга оширилаётгани билан беқиёс аҳамият касб этади.
Бунга жавобан бухоролик ўқувчи-ёшлар халқаро фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўрин ва медалларни қўлга киритишмоқда, нуфузли санъат фестиваллари ва танловлари, халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлишмоқда. Жорий йилда Халқаро ва республика фан олимпиадаларида 40 дан ортиқ совринли ўрин қўлга киритилди, жорий йилда ўтказилган тест синовларида иштирок этган битирувчилар ўртача 96 балл тўплаб, республикада энг юқори кўрсаткич, яъни 1-ўринни қайд этди.
Ҳаётимиздаги ҳар бир омадли қадам, ҳар бир муваффақият замирида устозларимизнинг машаққатли меҳнати, тинимсиз изланишлари мужассамдир. Шу боис, давлатимизда педагог ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳнатини рағбатлантириш, иш ҳақини ошириш, ўз соҳасида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатаётган педагогларни Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден-медаллари ва мукофотлари билан тақдирлаш ўзига хос анъанага айлангани қувонарли, албатта.
Шуни инобатга олиб, самарали меҳнати орқали Янги Ўзбекистонни барпо этишга қўшаётган жонбозлиги, илм-фан, спорт, санъат, маърифат ва маданиятни ривожлантириш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси, фаоллиги ва юксак инсоний фазилатлари билан намуна бўлаётган бир гуруҳ педагог ва мураббийларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
Тадбир вилоятимиз санъат усталари, ёш ижрочиларнинг концерт дастурига уланди. Ўқитувчи ва мураббийларни шарафлаш тадбирлари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









