Бухоро шаҳрида туну кун “ишлайдиган” яна бир кўча ташкил қилинади
2025-09-24 18:30:00 / Янгиликлар

Бундан мақсад ҳудудларни комплекс ривожлантириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш, бизнес муҳитини янада яхшилаш, ўсиш нуқталарини ишга солиш, “яшил” тамойил ва ёндашувларни кенг жорий этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишдир.
Шунингдек, ҳар бир шаҳар ва туманда ҳудуд иқтисодий ўсишига туртки берувчи саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида 2025-йилга мўлжалланган муҳим “драйвер” лойиҳалар ишлаб чиқилиб, манзилли рўйхати тасдиқланган.
Бухоро шаҳрида тасдиқланган шундай “драйвер” лойиҳаларга биноан амалий чора-тадбирларга аллақачон киришилган. Лойиҳалардан бири вилоят марказидаги “Низомий Ганжавий” маҳалла фуқаролар йиғини Садриддин Айний кўчасида “24/7” режимда туну кун “ишлайдиган” кўча ҳисобланади.
Хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият юритадиган мазкур кўчада инфратузилма тадбирларини амалга ошириш учун қиймати 2 миллиард 894 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Ушбу сармоя ҳисобидан кўчага электр трансформатор ўрнатиш, 230 метр масофага электр тармоғини ўрнатиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш, йўл бўйида 230 метр масофага замонавий (манзарали) ёритгич чироқлари (илюминация) ўрнатиш, оқава қувури, пиёдалар йўлаги қуриш, кўча чироқлари ҳамда манзарали (декоратив) чироқлар ўрнатиш, болалар майдончаси ҳамда воркаут, йўлакларни безактош—“брусчатка” билан коплаш, “беседка” қуриш ишлари кўзда тутилган.
Муҳими, бу саъй-ҳаракат натижасида кўчада 26 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, даромадбоп хизмат кўрсатиш тизими яратилади. Шунингдек, 24 та кўчма савдо шаҳобчаси ташкил қилинади, 50 та янги иш ўрни яратилади. Маҳаллий бюджетга эса қўшимча 500 миллион сўм солиқ тушими тушишига эришилади.
Мазкур бизнес лойиҳа нафақат Бухоро шаҳри туризм салоҳиятини ошириш, балки, маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида йўлга қўйилмоқда. Ҳудудда белгиланган қурилиш-тиклаш, ободонлаштириш, жиҳозлаш ишларини яқин ойларда якунига етказиб, кўчани “ишга тушириш” мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








