Шофиркон: 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаолиятига юз йил тўлди
2025-09-02 11:50:00 / Янгиликлар

Бугун маскан педагогик жамоаси шогирдлари ва ҳамкасблари билан биргаликда Алишер Навоий номидаги 4-сонли умумтаълим мактабининг 100 йиллик шонли тарихини катта фахр ва ифтихор билан нишонламоқдалар. Бу бир асрлик тарих — минглаб битирувчилар, юзлаб фидоий устозлар ва бебаҳо илмий-маънавий тажрибанинг мужассамидир.
Таълим доргоҳининг босиб ўтган йўли, тарихий босқичлари, қўлга киритилган ютуқлари ва бугунги замонавий тараққиёт босқичлари ҳақида батафсил тўхталиш жоиз, албатта.
Куни кеча, 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаолиятига юз йил тўлгани муносабати билан ташкил қилинган тантанали тадбирда туман раҳбарияти, жамоатчилик вакиллари, таълим соҳаси меҳнат фахрийлари, педагог жамоа ва улар ўқувчилари ҳозир бўлдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоир Шодмон Сулаймон, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шўъба мудири Ҳалим Ражабзода, туман ҳокими Алишер Файзиллоев ва бошқалар сўзга чиқиб, бир асрга тенг бой тарихий, таъбир жоиз бўлса, нурли йўлни босиб ўтган таълим даргоҳи педагог жамоасини самимий табрикладилар, бу даргоҳда сабоқ олаётган ёшлар истиқболига қатъий ишонч билдирдилар.
Тарихига назар солсак, 1925 йилда мактаб ўзининг илк ўқувчиларини бағрига олган. Биринчи муаллим ва мактаб сардори сифатида Шариф Ражабов фаолиятини бошлаб, навқирон авлодга сабоқ берган. 1948 йилда ўзбек шеърияти султони Ҳазрат Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан таълим масканига унинг номи берилган. 1953 йилдан бошлаб директорлик лавозимига асли тошкентлик бўлган Бакиркхўжаев тайинланган бўлса, кейинчалик, 1958–1989 йиллар оралиғида мазкур мактаб раҳбарлигини Аҳад Ҳасанов, Исмоил Қулмуродов, Сайфулла Нарзуллаев, Жўрақул Латипов сингари маҳаллий моҳир муаллимлар муносиб давом эттирдилар.
Бу йиллар мобайнида илк бор мактабни кумуш медаль билан тамомлаган ўқувчилар — Тошпўлат Аҳмедов ва Убайдулла Ҳакимов мактаб тарихида муҳим ўрин эгаллаган. Илмий ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосарлари — Эргаш Ниёзов ва Ҳанифа Назароваларнинг хизматлари алоҳида эътиборга лойиқ.
1989 йилда мактабда 1200 нафар ўқувчи таҳсил олган бўлса, уларга 135 нафар ўқитувчи сабоқ берган. Ана шу йили мактабга меҳнатсевар ва ташаббускор раҳбар Исоқ Толибов директор этиб тайинланган. Унинг раҳбарлигида мактаб ишида кўплаб янгиликлар жорий этилиб, илм-фан йўналишида юқори натижаларга эришилган.
Мактаб жамоаси 1997 йилда “Умид ниҳоллари” мусобақасида ва “Йил мактаби” танловида республика биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, 2005 йилда фан ўқитувчилари ўртасидаги компьютер саводхонлиги танловида вилоятда биринчи ўринни эгаллаган.
Бугунга келиб 4-сонли умумтаълим мактабида 1320 нафар ўқувчи, шунингдек, 129 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Улар орасида 60 нафар олий ва биринчи тоифали педагог, 36 нафар халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчи иш олиб бормоқда. Айни кунда таълим сифати ва ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор туфайли мактаб ҳаёти янги босқичга кўтарилиб, сифат кўрсаткичлари юқори даражага етмоқда.
Сўнгги йиллардаги ютуқларга тўхталсак, 2017-2019 йилларда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловининг вилоят босқичида жами 11 нафар ўқитувчи фахрли ўринларни эгаллагани муносиб ютуқлардан, албатта. 2019 йил “Беш ташаббус мактабда” кўрик-танловида республикада 1-ўрин қўлга киритилган. Худди шундай, сўнгги 5 йилни олсак, 2021–2025 йиллар мобайнида мактабни муваффақиятли тамомлаган ёшларнинг жами 21 нафари олтин медалга лойиқ кўрилган истеъдодлардир.
Жумладан, 2024–2025 ўқув йилида мактабдан 137 нафар битирувчи етишиб чиққан бўлса, улардан 70 нафари давлат олий таълим муассасаларига, 27 нафари хусусий олийгоҳларга ўқишга кирган. Таълим даргоҳи моддий-техник имкониятлари, ўқитиш сифатига эътибор кучайтирилгани натижасида ўтган йиллирда биргина “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 500 тадан ортиқ бадиий китоб, 29 та интерактив доска қабул қилиниб, ўтган аср олтмишинчи ва саксонинчи йилларида қурилган ва кейинги пайтда таъмирталаб ҳолга келган бинолар мукаммал таъмирдан чиқарилган. Муқаддас даргоҳ—4-сонли умумтаълим мактабини битирган истеъдод эгалари халқ хўжалиги турли тармоқларида самарали ишлаб, юрт равнақига баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқдалар. Зеро, бу ютуқларнинг барчаси—таълим даргоҳида баркамол авлодга сабоқ берган маҳоратли устозлар фидокорона меҳнати, улар ўқувчи ёшларининг интилувчанлиги, изланувчанлиги, эришган ютуқлари туфайлидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









