Тўйга тўёна: “Eko bog’” яна бухороликлар ва шаҳар меҳмонларига бағрини очди
2025-08-26 14:50:00 / Янгиликлар

Қадим ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида бугун ана шу улуғ ва тарихий санани муносиб нишонлаш учун, табиат ва инсон уйғунлигини ўзида мужассам этган “Eko bog’” жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари масъул мутасаддилари, маъмурий корхона ва ташкилот, идоралар ходимлари, халқ хўжалиги турли жабҳаларида меҳнат қилаётган юртдошларимиз, ҳарбийлар, ёшлар, эртамиз эгалари билан гавжум бўлди.
Энг улуғ ва энг азиз байрам—мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 34 йиллик айёми олдидан бухороликлар ва шаҳримиз меҳмонларига “Eko bog’” яна ўз бағрини очди. Бухоро халқаро аэропортига яқин манзилда, қарийб 4 гектарга яқин майдонни эгаллаган мазкур истироҳат боғи қадим шаҳарнинг яшилликка, дов-дарахтга кон сўлим масканларидан бўлиб, кейинги йилларда бироз эътибордан четда қолган, таъмирталаб, парваришга муҳтож кўринишга келганди.
Вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик ташаббуси билан кейинги ойларда бу боғда ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари олиб борилиб, юртдошларимизга сўлим, баҳаво масканда мириқиб ҳордиқ чиқаришлари, оилавий сайр қилишлари учун зарур шарт-шароит яратилгани таҳсинга лойиқ, албатта. Ўнлаб дов-дарахт, буталар, мажнунтоллар, арчанинг бир неча тури, тут, чинор, каталпа, акация, шунингдек, турфа гуллар билан бурканган боғ марказидаги муҳташам фаввора зилол суви билан атрофга ўзига хос салқинлик бағишламоқда.
Бугун мазкур “Eko bog’” очилиши муносабати билан унда маданий-маърифий, ҳарбий-спорт ва кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтди. Жумладан, меҳнат ва бандликка кўмак бериш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси, ёшлар ижоди ва иқтидорини намоён этадиган “Баркaмол авлод” марказлари тўгараклари ёш истеъдод эгалари ижодий маҳсулотлари, олий таълим муассасалари илмий ишланмалари, олимлар ва иқтидорли талабалар инновацион кашфиётлари ва маҳаллий маҳсулотлар, шунингдек, арзонлаштирилган китоб ва ўқув қуроллари кўргазмалари, ҳарбийлар томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар, халқ амалий санъатининг турфа ҳунармандчилик намуналари, каштадўз, зардўз чеварлар, ҳолвапаз-қандолатпазлар, қолаверса, алоҳида безатилган маҳаллалар павильонлари ҳеч бир юртдошимизни бефарқ қолдирмади.
“Eko bog’” очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, вилоят жамоатчилиги, барча бухороликлар ва ёшларни мамлакатимиз мустақиллиги арафасида ишга туширилаётган сўлим маскан, юртдошларимиз эмин-эркин оилалари, фарзандлари билан сайр қилиб, кўнгилли ҳордиқ чиқарадиган боғ билан муборакбод этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Моҳира Тошева, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Жамол Ашуровлар кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорода юз бераётган янгиланишлар, шаҳарнинг яқин ўтмиши ва бугунги жамоли ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Боғда зарур инфратузилмани яратишда жонбозлик кўрсатган муҳандислик-коммуникация тармоқлари корхоналарига, шунингдек, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Kapital qurilish fayz”, “Sinmas”, “Rahmon Jamshid”, “Golden Iran” каби тадбиркорлик субъектларига миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар, жамоатчилик вакиллари боғда ташкил қилинган кўргазма ҳамда павильонлар, улардаги қўл меҳнати маҳсулотлари билан яқиндан танишдилар.
—2025 йил 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарорда 2030 йилда 3,3 миллион нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданиятни шакллантириш мақсад қилинган,—дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Жаҳонгир Шарипов.—Шунингдек, 4,2 миллион нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбияни мустаҳкамлаш, экологик маданиятни юксалтириш кўзда тутилган.
Мазкур қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Концепция 2027 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар 2 йил муддатга тасдиқланадиган алоҳида “йўл харитаси” асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Жорий йилдан бошлаб ҳар йили аҳолининг турли қатламлари, талабалар ва ўқувчи-ёшлар ўртасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида «Янги дарахт – янги нафас» республика экочемпионати ҳамда ҳар ойда бир маротаба «Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз» шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари ўтказилади.
Умуман, воҳамизнинг мураккаб иқлим шароитида “Eko bog’” каби сўлим масканларни бунёд этиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини уюшқоқлик билан давом эттириш, ниҳол ўтқазиш, дарахт парваришлашдек хайрли саъй-ҳаракат Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ташаббуслари, юқоридаги қарорга муносиб жавобдир. Эндиликда вилоятнинг ҳар бир туманида юртдошларимиз учун худди шундай сўлим боғларни барпо қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда.
“Eko bog’”да кун тартибидан ўрин олган тадбирлар эса бугун оқшомгача давом этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









