Когон: “Сараён маҳалла маркази" фойдаланишга топширилди
2025-08-25 14:55:00 / Янгиликлар

Жумладан, яқинлашиб келаётган юртимиз истиқлолининг 34 йиллиги арафасида “Сараён маҳалла маркази" биноси фойдаланишга топширилгани маҳалла маъмурияти ҳамда ҳудуд аҳолиси учун қўшалоқ байрам бўлди. Маҳалла биносининг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артикова, туман ҳокими Отабек Қазоқов бошқа масъул мутасаддилар, жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда маҳалла аҳли иштрок этдилар.
Дастлаб анъанага кўра нуронийлар хонадонларга қут-барака, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффо бўлишини сўраб дуога қўл очдилар.
Тантанали маросимда сўзга чиққанлар ҳудуд аҳолисини замонавий қиёфадаги, кўркам маҳалла биноси билан муборакбод этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, уни халқчил тузилмага айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Шундан сўнг меҳнат фахрийлари томонидан рамзий қизил лента қирқилгач, йиғилганлар бинода маҳалла ходимлари ҳамда аҳоли учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Янги қурилган маҳалла биносида маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири замонавий моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган. Хусусан, мазкур кўркам бино 3 қават ҳамда ер тўла қисмидан иборат бўлиб, биринчи қават аёллар ва эркаклар учун алоҳида сартарошхона ва савдо дўкони, иккинчи қаватда асосан ўқув марказларига ажратилган бўлиб, унда касбга йўналтириш маркази ва фитнес зали каби объектлар ҳамда учинчи қаватда тикув цехи, кийимларни кимёвий тозалаш хонаси ва ёшлар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш IT маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Маълумот учун, мазкур маҳалла биноси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан "Gʻijduvon Texstroy Progress Plus" МЧЖ тажрибали қурувчилари томонидан жами 4 миллиард 500 миллион сўмга яқин маблағ эвазига бунёд этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








