Олот: Боймуродовлар уй хўжалигидаги маъмурлик кўпларга ибрат
2025-08-16 10:05:00 / Янгиликлар

Боймуродовлар хонадони 15 сотихдан иборат томорқасига эга. Бу ерни обод қилиб, ҳар йили мўл ҳосил етиштираётган миришкорлар уй хўжалигида бор имкониятдан унумли фойдаланилаётгани таҳсинга лойиқ. Масалан, бунда қорамол, сигир-бузоқ, новвослар билан бирга 10 бошдан ортиқ қўй-қўзи, 50 бошдан ортиқ парранда билан бирга алоҳида қафаслар тайёрланиб, қуёнчилик йўлга қўйилган. Бугунга келиб хонадон соҳибининг “паҳлавон” қуёнлари сони 100 бошга етган. Ҳолбуки, икки йил бурун бу иш атиги 2 бош қуён билан бошланган. Ҳар бир қуён йилига 3-4 марта болалаб, ўртача 5-9 та болалайди. Ҳозирги кунда қуёнлар бозорда 100–150 минг сўмдан сотилмоқда.
Паррандачиликда ҳам ўз тажрибасига эга хонадонда кунига 20–25 дона тухум олинаётгани рўзғорга қўшимча даромад, албатта. Оғилхонада туёқ сонини кўпайтириб, маҳсулдорликни оширишга эътибор қаратилаётгани хўжаликда сут, қатиқ, сариёғ, ҳатто гўшт таъминоти бадастирлигига далил. Балки шу боисдан, томорқачиликда ҳам Боймуродовлар кўплаб оилаларга намуна бўла олади. Ҳозирда икки сотих майдонда кечки сабзи, икки сотих ерда пиёз, ловия, уч сотихда картошка ва ошқовоқ етиштирилиб, эҳтиёжга яраша заҳира қилинган.
Дарвоқе, бу оила ўтган йили имтиёзли равишда 7 миллион сўм кредит маблағи асосида иссиқхона қуриб, бир мавсумдаги деҳқончиликдан 10 миллион сўм атрофида даромад олишга муваффақ бўлди. Картошка, помидор ҳосилидан кейин ҳозирда булғор қалампири ва ловия экиб етиштирилмоқда.
Боймуродовлар ҳовли-жойи дов-дарахтларга бой. Мўъжаз боғда юз тупга яқин мевали дарахт—шафтоли, олма, ҳурмо, нок, беҳи, анор, шунингдек, турли навларга хос токзор парваришланмоқда. Унда ўттизга яқин ток парваришидан ҳар йили баракали ҳосил олинмоқда. Зеро, хонадон эгаси Ислом Боймуродов таъбири билан айтганда: “Фарзандларим, набираларим ўзимизни ерда етиштирган маҳсулотлардан баҳраманд бўлса, кўнглим яйрайди, бу ҳисни ҳеч бир сўз билан ифодалаш мушкул”.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







