Шофиркон: замонавий андозада, беш қаватли тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди
2025-08-15 10:15:00 / Янгиликлар

Иншоот тантанали очилишида республика соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, туман ҳокими Алишер Файзиллоев ва бошқа масъуллар, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Янги тиббиёт бирлашмаси биноси беш қаватдан иборат бўлиб, 270 ўринга мўлжалланган. Унда илгари алоҳида жойлашган барча даволаш бўлимлари ягона марказда умумлаштирилди. Бу эса беморларга кўрсатилаётган хизмат сифатини янада ошириш, тиббий хизматларни комплекс тарзда, бир жойда амалга ошириш имконини беради. Бинода замонавий лабораториялар, тиббий диагностика хоналари, реанимация ва жарроҳлик бўлимлари, беморлар учун шинам палаталар, шифокорлар учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган иш хоналар мавжуд. Шунингдек, бу ерда аҳоли учун амбулатор хизматлар ҳам кўрсатилади.
Қиймати 47 миллиард 335 миллион сўмлик лойиҳа доирасида барпо қилинган иншоот ертўласида ёрдамчи бўлимлар, биринчи қаватда қабул ва диагностика бўлимлари, рақамли рентген, МРТ, МСКТ текширувлари жойлаштирилган. Иккинчи қаватда 17 ўринли анестезиология-реанимация, 10 ўринли шошилинч жарроҳлик, 15 ўринли режали жарроҳлик, 15 ўринли отолорингология бўлимлари ташкил этилган.
Бино учинчи қаватида 10 ўринли шошилинч педиатрия, 10 ўринли шошилинч терапия, 25 ўринли болалар бўлими, 6 та болалар анестезиологияси реанимация, тўртинчи қаватда 90 ўринли туғруқ мажмуаси, бешинчи қаватда эса ҳар бир бўлим 20 ўринга мос равишда кардилогия, эндокринология, терапия ҳамда неврология бўлимлари ташкил қилинган.
Тантанали тадбирда соғлиқни сақлаш вазири ва бошқа мутасаддилар янги бинода яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар. Улар тиббий ускуналарнинг сифати, хизмат кўрсатиш тизими, ходимлар учун яратилган қулайликлар бўйича мутахассислар билан суҳбатлашдилар.
Тадбирда тиббиёт бирлашмасининг барпо этилишида муносиб ҳисса қўшган қурувчилар, муҳандис ва лойиҳа раҳбарларига миннатдорчилик изҳор этилиб, уларга тўн кийдирилди. Албатта, бу соҳада фидокорона меҳнат қилаётган бинокорларга ҳурмат ва эҳтиром ифодаси.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








