Олот: Вафо Икромов хонадонида 500 бош парранда парваришланмоқда
2025-07-29 11:55:00 / Янгиликлар

Ҳозирда паррандачилик истиқболли ва чорвачиликдаги асосий йўналиш экани тан олинади. Бунинг сабаблардан бири паррандаларни сақлаш учун иншоотларнинг оддий бўлишидир. Бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатларида паррандачиликка катта эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда улкан аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига катта ҳисса қўшади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар яратилаётгани диққатга сазовор.
“Ёшботир” маҳалласи Бўстон қишлоғида истиқомат қилувчи Вафо Икромов оиласи бунга мисол бўла олади.
Вафо Икромов бундан икки йил аввал атиги 20 бош парранда билан иш бошлаган эди. Бошланғич босқичда зотдор куланги хўрозларга бўлган қизиқиш бугун 500 бошга яқин парранда боқишга олиб келди.
Айни пайтда хонадонда 200 бош “Қора шаҳзода” зотига мансуб товуқ, 100 дан ортиқ оқ “Биг-6” зотига мансуб куркалар ва кўпайтириш мақсадида боқилаётган 50 бош курка ҳамда 100 дан ортиқ жўжалар мавжуд.
Паррандачилик нафақат тухум, балки гўшт етиштиришда ҳам даромад манбаи ҳисобланади. Оилада боқилаётган куркалардан бирини 3–4 ой мобайнида озиқлантириш орқали 15 килограммгача гўшт олишга эришилмоқда. Айни пайтда 100 бош курка 1–2 ой ичида сўйишга тайёр ҳолатга келади. Бу эса оила томонидан 2 тоннага яқин парранда гўшти бозорга етказилиши режалаштирилганини англатади.
— Меҳнатимиз самарасини ҳар куни ҳис қиламиз. Ўртача кунига 100 дона тухум оламиз. Баҳорнинг илк ойларидан бери тухумга талаб юқори. Кўплар айнан кўпайтириш мақсадида излаб келишади, қўшни маҳаллалардан ҳам мижозларимиз бор. Курка гўшти енгил ҳисобланади. Уни кўпчилик ҳуш кўради. Келгусида паррандалар сонини 2 минг бошга етказиш ниятидамиз,— дейди Вафо Икромов.
Икромовлар оилавий фаолияти қисқа муддатда даромад келтирувчи муваффақиятли ташаббуслардан бири сифатида оммалаштирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








