Когон туманининг “Қасри Орифон” қишлоғига расман “туризм қишлоғи” мақоми берилди
2025-07-23 17:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда мамлакатимизда туризм соҳасига берилаётган эътибор, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туризм қишлоқлари орқали ҳудудлар иқтисодиёти ва жозибадорлигини ошириш имкониятларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қишлоқ қадимий тарихий обидалари, зиёратгоҳлар ва миллий анъаналарни сақлаб келаётганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, “Қасри Орифон” қишлоғи машҳур авлиё Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига яқин жойлашгани билан ҳам кўплаб сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Йил давомида бу ерга минглаб маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ташриф буюради. Албатта, бу каби туризм қишлоқлари нафақат сайёҳлар учун янги манзиллар, балки маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи, маданий меросимизни асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг самарали усулидир.
Тадбир доирасида Туризм қўмитаси томонидан “Қасри Орифон” қишлоғига “туризм қишлоғи” мақоми берилганлиги тўғрисидаги сертификат тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида туризм қишлоғида янги ташкил этилган туристик объектлар билан таништириш мақсадида туризм соҳаси вакиллари учун инфотур ташкил этилди. Меҳмонлар қишлоқдаги замонавий инфратузилма, меҳмон уйлари, ҳунармандчилик устахоналари ва бошқа туристик имкониятлар билан яқиндан танишишди.
Шунингдек, иштирокчилар Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишди. Шу жойда Қуръон тиловат қилиниб, дуога қўл очишди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









