Қоракўл: “Қозон” ва “Истиқлол” маҳаллаларида 20 гектар ерда талқон етиштирилмоқда
2025-07-08 19:40:00 / Янгиликлар

Айни вақтда эса томорқадан фойдаланиш ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, қўшимча имтиёз сифатида субсидия ва кредитлар ажратилиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганлар учун шарт-шароит яратилаётгани айни муддао. Тумандаги маҳалла ва қишлоқларда аграр тармоқни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, акционерлик тижорат “Миллий банки” туман филиали ҳам ўзига бириктирилган ҳудудларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, аҳоли даромадини оширишда томорқа эгалари, деҳқон хўжаликлари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Бу борада ишлаб чиқилган намунали лойиҳага мувофиқ, аҳолига ижара асосида узоқ йилга ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, айниқса, ижтимоий муҳофазага олинган оилалар даромадларини ошириш, қишлоқ жойларидаги мавжуд имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда юқори даромадли маҳсулот етиштиришга доир аниқ чора-тадбирлар бажарилмоқда.
Жумладан, “Бир контур—бир маҳсулот” тамойили асосида “Қозон” ва “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Миллий банки” туман филиали ташаббуси билан 20 гектар майдонда талқон ўсимлиги экиб етиштирилмоқда. Бунда ҳар гектар ердан олинаётган ҳосил ҳисобидан 30 миллион сўм даромадга эришиш мумкин экан.
Деҳқон миришкорларнинг айтишича, талқон ўсимлиги ҳосили пишиб етилгач, ўриб олинади ва қуритилади. Қайта ишлаш жараёнида, элеваторлар орқали эланади ва бундан ташқари, қатор техник воситаларда сараланади. Ярим синдирилган ҳолатга келтирилгач, полиэтилен қопларга солиниб, сортларга ажратилиб маркировкаланади. Маҳаллий бозорга оддий тамаки тури—носнинг тайёр ҳолатидан кўра, кўпроқ барги чиқарилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







