Олотдаги “қум ва туз билан даволаш маскани” ҳақида биласизми?
2025-07-01 19:45:00 / Янгиликлар

Туман марказидан 24 километр олисда, "Арабхона" маҳалласида, чўл бағридаги тузли сув ҳавзаси ва қум барханлари оралиғида ташкил этилган бу маскан давлат-хусусий шерикчилик асосида йўлга қўйилган бўлиб, халқ табобати усулларига таянган ҳолда аҳоли саломатлигини тиклашга хизмат қилмоқда.
Табиий масканда қумли “ванна”лар, туз кристаллари, қора балчиқ билан даволаш каби муолажалар тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, малакали мутахассислар назорати остида амалга оширилади. Айниқса, чўл қумига 10-15 дақиқа давомида кўмилиш, сўнг 20-30 дақиқа туз устида ётиш орқали турли хасталикларни табиий усулда енгиб ўтиш имконияти яратилган.
Бу ҳудуд ўзининг қадимий туз кўли қолдиқлари билан машҳур бўлиб, фақатгина ёз фасли жазирамасида, июнь, июль ва август ойларида фаолият юритади. Айнан саратон ойининг жазирама кунларида, 40-50 даражагача етадиган ҳарорат шифо излаб келувчилар учун айни муддао ҳисобланади.
Бугунга келиб масканда 30 дан ортиқ ўтов ўрнатилган бўлиб, меҳмонларга зарур шарт-шароит яратилган. Қум ва туз билан табиий усулда даволанишдан ташқари, гигиена қоидаларига мос тансиқ таомлар ҳам таклиф этилмоқда.
Меҳмонлар бу ерда нафақат соғлиғини тиклайди, балки чўл бағрида осойишта дам олиб, экологик тоза муҳитда вақт ўтказиш имкониятига эга бўлишади. Келгусида маскан фаолиятини кенгайтириш, эчки ва туя сути билан даволаш шохобчаларини ташкил қилиш, салқин ўриндиқлар, ювиниш хоналари, тиббиёт пункти ва автотураргоҳ қуриш каби режалаштирилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур масканни ички туризм маршрут-йўналишига киритиш ва ташриф буюрувчилар сонини ошириш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









