“Ғалла-2025”: Зафар муборак, ғиждувонлик ғаллакорлар!
2025-06-28 13:00:00 / Янгиликлар

Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига, айниқса, нонга бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб экин ери йил сайин оширилаётган бир пайтда ҳудудда жорий йил ризқ–рўзи манбаи учун экин майдони 5246 гектарга етказилиб, унда “Старшина”, “Гром”, “Алексеевич” ва бошқа навларга мансуб сара буғдой экиб етиштирилди. Шундан, 3 минг 485 гектардаги бошоқли дон ғўза қатор орасига экиб етиштирилган.
Ғиждувонлик деҳқон-миришкорларнинг астойдил қилган меҳнати, хусусан, Сармижон, Зарафшон, Гулистонобод, Оқгул, Ғишти, Соктари, Позагари каби 14 та ҳудудда вақт билан ҳисоблашмасдан фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ва улар жамоалари қўл кучи билан ғаллакорликда баракали ҳосил етиштирилди. Қабул масканларида саранжомланган сара буғдой ҳосили салмоғи 15 минг 823 тоннадан ошди. Бу дегани, шунча миқдорда ризқ-рўз манбаи давлат хариди учун етказилиб, вақтинча сақлаш учун 8166 тонна, давлат жамғармаси учун 4806 тонна, уруғлик бошоқли дон учун 2810 тонна маҳсулот тайёрлаб қўйилди.
—Долзарб палла, ғалла ўрим-йиғимида 19 та отряд, шунча юқори унумдор комбайн ва етмишдан ошиқ юк автомашинаси кучидан фойдаланилгани, ўнлаб агрономлар зарур тавсиялари асосида иш олиб борилгани туфайли бугун катта меҳнат муваффақиятига эришилди,—дейди Ғиждувон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фарҳод Жабборов.—Бу меҳнат зафарида соҳада катта тажрибага эга Ориф Қудратов бошчилигидаги “Фазолатли Мубинахон замини”, Рауф Рустамов раҳбарлигидаги “Рустам файз”, Элбек Асадов қўли остидаги “Фармон Асад агро”, Ҳусниддин Сайфиев раҳбарлигидаги “Адолат замин ёғдуси”, Қувондиқ Ҳикматовнинг “Умар Қурбон қувончи”, Ўктам Қаюмовнинг “Ўктам Қаюм”, Дилшод Аслонов бошчилигидаги “Дилшод-2000” каби илғор фермер хўжаликларининг муносиб ўрни бор.
—Деҳқоннинг вақти ҳамиша зиқ, айниқса, ҳосил пишиб етилганда ҳашарчиларга эҳтиёж сезади. Биз ҳам жамоамиз билан бу йил 38 гектарда сара буғдой етиштириб, айни кунда 125 тонна ризқ-рўз манбаини давлат омборига топширдик,—дейди “Адолат замини ёғдуси” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Сайфиев.— Бир томонда – пахта агротехник тадбирлари, иккинчи томонда – дон ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан, талофатларсиз олиб бориб, ялпи ҳосил хирмонини 260 тоннага етказишга муваффақ бўлдик. Шак-шубасиз, бунинг замирида мислсиз меҳнат ва машаққат ётибди. Муҳими, етиштирган ҳосилимизниг деярли ярмини меҳнат жамоамиз билан баҳам кўрмоқдамиз.
Бугун туман ғаллакорлари меҳнат зафарини нишонлаётган бир пайтда ғалла ҳосилдорлиги ҳар гектар майдон ҳисобидан 77 центнерни ташкил этмоқда. Фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилаётган ҳосил салмоғи 24 мингдан зиёд, туманнинг ялпи ғалла хирмони эса 40 минг тоннага етказилаётгани эътирофга лойиқ, албатта. Умуман, биргина ғаллакорлик соҳасида жорий мавсумда эришилаётган даромад қиймати тахминан 101 миллиард сўм атрофида. Қўлга киритилаётган муваффақият ва соф фойда эса хўжаликлар техник имкониятларини ошириш, улардаги меҳнат жамоалари, сувчи механизаторлар моддий манфаатдорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Меҳнат ғалабангиз муборак бўлсин, азиз ғиждувонлик ғаллакорлар!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








