Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг ҳокимлик жамоаларига мурожаати
2025-06-24 16:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларида Коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида кескин ва муросасиз кураш олиб боришга жиддий киришилди.
Шунга қарамай мазкур иллат жамиятимизда учраётганлиги мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда.
Коррупция нафақат мамлакатга моддий йўқотиш олиб келади, балки тадбиркорлик ривожига, қонун устуворлигини таъминлашга тўсқинлик қилади, жамиятда ижтимоий кескинликни, ҳокимиятга ишончсизликни, ҳалокатли оғир оқибатларни келтириб чиқаради.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5-март куни ўтказилган Миллий Кенгашнинг йиғилишида “Коррупциянинг олдини олиш - давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик ваксинаси” билан эмлашдан бошланади”, “Коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараш керак”, - дея алоҳида таъкидлаганлари ҳам унинг нақадар хавфли иллат эканлигини кўрсатади.
Шу боис мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш, пора олиш ва беришда воситачилик қилиш иллатидан халос бўлиши, бир сўз билан айтганда, “ҳалоллик ваксинаси” билан эмланиши керак.
Бугунги кунда айрим давлат хизматчилари ўз манфаатларини кўзлаб, жумладан кредит олишда, қурилиш соҳасида, буджет маблағларини тақсимлашда минг афсуски, ноқонуний ишларга аралашиб қолаётганликларини гувоҳи бўлаяпмиз. Халқимиз “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” деб бежиз айтмаган. Содир этилган ҳар қандай Коррупциявий жиноят сирлигича қолмайди, албатта ошкор бўлади ва қонуний жазосини олади.
Шунинг учун мен сизларни огоҳлантириб ўтмоқчиман, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррардир, буни ҳар бир давлат хизматчиси вужуди билан ҳис қилиши, кўз олдига ота-онаси, фарзандлари ва ака-сингилларини келтиришлари керак.
Давлат хизматчиси – бу оддий ходим эмас, у давлат топшириғи ва манфаатлари бўйича унинг номидан ҳаракат қилувчи инсондир. Шунинг учун давлат хизматчиси деган юксак ҳамда шарафли номга доғ туширмаслик учун энг аввало ҳалол бўлишимиз, олдимизга қўйилган вазифаларни виждонан, ватанпарварлик туйғусини тўлиқ ҳис этган ҳолда меҳнат қилишимиз лозим бўлади.
Бу эса 2022-йил 8-августда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15, 16-моддаларида ҳам мустаҳкамланиб қўйилганлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.
Иш фаолиятимизда Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўлиш, халқимизга ҳалол ва садоқат билан хизмат қилишни асосий бурчимиз ва вазифамиз, деб билайлик!
Фаолиятимизни қайтадан холис таҳлил қилиб, маҳаллий ижро ҳокимияти олдига қўйилган устувор вазифаларни шахсий манфаатимиздан устун қўйган ҳолда сидқидилдан бажаришга барча куч ва салоҳиятимизни сафарбар этайлик!
Юртимизнинг бугунги ва эртанги куни, ёруғ келажаги учун авваламбор ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик!
Давлатимиз раҳбари томонидан “Тараққиёт стратегияси”да ҳамда 2025-йил 5-мартдаги Миллий Кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар олдига қўйилган вазифа ва топшириқлар ижросини сўзсиз ва оғишмай бажарилишини таъминлайлик!
Барчангизни биргаликда Коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб боришга даъват қиламан!
