Ғиждувон: Оёқоғитма массивида шамол электр станцияси ишга туширилди
2025-06-16 14:20:00 / Янгиликлар

Бу ҳудуд аҳоли истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондирибгина қолмай, экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий газ сарф-харажатини камайтиришга хизмат қилади. Жумладан, йилига 500 миллион куб метр табиий газни тежаш имконияти вужудга келади.
Тадбиркор тижоратчилар тумани бўлган Ғиждувонда кейинги йилларда саноат корхоналари сони ошиб бормоқда. Улар ҳамда турли ижтимоий соҳа иншоотлари, аҳоли абонентларининг электр энергиясига бўлган талаби 300 меговаттни ташкил этаётган бўлиб, бу эҳтиёжни қондиришда муқобил энергия манбаи муҳим ўрин тутади, албатта. Ваҳоланки, янги шамол электр станциясининг қуввати 500 меговатга етказилиши ҳисоб-китоб қилинган.
—Биздаги маълумотларга қараганда, бу йирик лойиҳани амалга ошириш осон кечгани йўқ, — дейди меҳнат фахрийси Р. Авезов. —Ўтган ойлар мобайнида чўл массивидаги 280 гектардан ошиқ майдонда қурилиш-жиҳозлаш, шамол генераторларини ўрнатиш ишлари олиб борилди. Бетон ишлаб чиқарувчи иккита линия барпо қилингани, ҳуджудда 79 та замонавий шамол генератори жойлаштирилгани, бунинг учун 600 нафардан зиёд мутахассис мураккаб чўл шароитида меҳнат қилгани юқоридаги фикримиз далили.
Шу ўринда, юртимиз “яшил энергетика” тармоғини ривожлантириш, аҳолининг муқобил энергия манбалардан унумли фойдаланишини таъминлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракат эътирофга лойиқ. Мазкур иншоотни барпо этишда Саудия Арабистони инвесторлари –“ Acwa Rower” компанияси тадбиркорларининг ҳиссаси катта, албатта.
Шамол электр станциясининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда инвесторлар, қурувчилар, туман масъул мутасаддилари, меҳнат фахрийлари иштирок этдилар. Унда сўз олганлар Бухоро энергетикаси тарихидаги бу муҳим воқеа билан барчани қутлаб, йирик иншоот иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга, халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
