Ботир Зарипов бошчилигидаги Бухоро делегациясининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари бошланди
2025-06-12 17:05:00 / Мажлислар

Ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни батафсил муҳокама қилиш, салоҳиятли инвесторлар билан учрашиш, йирик ишлаб чиқариш объектларини жойига бориб кўриш ҳамда компаниялар билан эришилган ўзаро самарали ҳамкорлик келишувларини амалга оширишни жалаллаштириш мақсадида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосари, тадбиркорлар ҳамда тегишли соҳа мутахассисларидан иборат делегацияси Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Дастлаб Ляонин провинцияси Савдо-саноат палатасида етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда вилоятнинг инвестицион ва саноат салоҳияти, ҳудуднинг “драйвер” соҳалари ҳисобланган қишлоқ хўжалиги, туризм, кимё, қурилиш материаллари, электротехника, текстиль ва бошқа саноат тармоқларида, шунингдек, вилоятда хавфсиз туризмни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигида рақамлаштиришни жорий этиш йўналишида амалга оширилиши мумкин бўлган 50 дан ортиқ инвестицион лойиҳа таклифлари юзасидан тақдимот қилинди. Шунингдек, “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасида хорижий инвесторларга яратиб берилган имконият ва имтиёзлар, Бухоро шаҳри ва Олот туманинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Хитой ишбилармонлари Бухоро вилояти салоҳиятига катта қизиқ билдирди. Шундан келиб чиқиб, қатор йўналиш ва тармоқларда инвестиция жалб қилиш юзасидан ўз таклифларини ўртага ташлашди. Таклифлар юзасидан Бухорода логистика маркази ташкил этиш, юк ташувчи автомобиллар, иситиш ва совутиш тизимларини ишлаб чиқариш, Хитой тажрибаси асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиллани чуқур қайта ишлаш бўйича самарали келишувларга эришилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








