Ҳафиза Артикова Аҳмад Дониш, Олим Хўжаев ва бошқа маҳаллалардаги аёллар ижтимоий ётоқхоналарида бўлди
2025-06-11 16:25:00 / Янгиликлар

Аёллар ижтимоий ётоқхонаси бу турли сабабларга кўра оиласидан ажрашган ёки боқувчисини йўқотиб, норасида фарзандлари билан кўчада қолган, ойлаб, ҳатто йиллаб ижарама-ижара сарсон-саргардонликда, оч ва юпун яшаб келган, мададга муҳтож оилалар учун бўлиб, бугун уларга давлатимиз сиёсати даражасида кўрсатилаётган меҳр-саховат ва моддий-маънавий мададни шунчаки, сўз билан ифодалаш мушкул.
Бугун вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артикова бошчилигидаги ишчи гуруҳи вилоят марказининг Аҳмад Дониш, Олим Хўжаев ва бошқа маҳаллаларидаги ижтимоий ётоқхоналарда бўлиб, хотин-қизлар ташвиш-муаммоларини тинглаб, тегишли масъуллар иштирокида бу мурожаатларни ҳал қилиш чораларини кўрди.
Ишчи гуруҳи таркибида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, ИИБ, ижтимоий агентлик вилоят бўлими, адлия бошқармаси, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, шаҳар ҳокимлиги, маҳалла “еттилиги” масъуллари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳозир бўлдилар.
Вилоят марказининг Аҳмад Дониш, Олим Хўжаев ва бошқа маҳаллаларида айни кунда 4 та аёллар ижтимоий ётоқхонаси бўлиб, улардаги жами 420 та хонада 1260 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда. Улар рисоладагидек яшаб турмуш кечиришлари учун зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларидан тортиб, вояга етмаган фарзандлари учун мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган. Ётоқхоналар зарур инвентарлар билан жиҳозланган. Уларда маърифат ва маънавият хоналари, шинам жиҳозланган ошхоналар, шунингдек, санитария-гигиена тармоғи мавжуд.
Бинолари табиий газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви билан таъминланган. Шунга қарамасдан, ижтимоий ётоқхоналарда яшаётганларнинг баъзи оилавий аҳамиятга эга ташвиш-муаммолари йиғилиб қолгани боис, тегишли масъул мутасаддилар иштирокида бу мурожаатлар ечимига эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Алпомиш кўчасидаги ижтимоий ётоқхонада бўлган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ. Артикова 20 тадан ошиқ хонада яшовчи аёл ва уларнинг 36 нафар боласи ижтимоий аҳволи кўздан кечирилди. Худди шундай, Қаюм Муртазоев кўчасидаги ижтимоий ётоқхона 90 та яшаш хонасига эга бўлиб, айни пайтда унда 87 та оила истиқомат қилмоқда. Бунда яшовчи жами 228 нафар фуқаронинг баъзилари чет элларга меҳнат мигранти сифатида қатнаб ишлайди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари билан учрашувда шу ётоқхонада яшовчи Дилбар Тоирова ётоқхона ертўласидаги сувни бартараф қилиш, серфарзанд оила бекаси Моҳигул Худойбердиева айни вақтда жазони ижро этиш муассасасида бўлган тўнғич ўғлига енгиллик берилишини сўраб, шунингдек, Рушана Ҳамроқулова боғча пули масаласида, Нигора Муродова эса саломатлигини тиклашда амалий-моддий кўмак берилишини сўраб мурожаат қилишди.
Мулоқотда ҳар бир мурожаат юзасидан масъуллар бириктирилгани ҳолда уларни тезкор ҳал этиш чора-тадбири белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









