Татаристоннинг “Татлифт” компанияси бош директори Бухорога келди. Ботир Зарипов билан мулоқотда амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди
2025-06-07 14:30:00 / Янгиликлар

Компания бош директори Гулшат Загудулина билан мулоқот чоғида Ботир Зарипов айни кунда Бухорода бошланган ва жадал давом этаётган кўп қаватли уй-жойлар, савдо ва ишлаб чиқариш объектлари қурилиши жараёнида замонавий, ҳар жиҳатдан қулай ва сифатли лифтларга эҳтиёж ортиб бораётганини таъкидлаб, ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликда Бухорода лифт ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан фикр алмашганди. Бунинг учун ҳудудда зарур инфратузилма ҳам мавжудлигини алоҳида қайд этиб, компания раҳбариятини Бухорога таклиф қилганди.
Мазкур таклифга биноан Гулшат Загудулина бошчилигидаги делегация бугун Бухорога келди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашувда амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кенг муҳокама қилинди.
Учрашувда “Татлифт” компанияси фаолияти, Бухорода амалга оширилиши янги кўзда тутилган лойиҳа бўйича режалари ҳақида тақдимот қилинди.
Томонлар лойиҳани амалга оширишнинг навбатдаги босқичларини аниқлаб, бу бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишдилар.
Ташриф доирасида “Татлифт” компанияси вакиллари “Бухоро саноатни ривожлантириш парки” махсус саноат зонасида инвесторларга яратилган шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар билан таништирилди. Хорижлик ҳамкорлар томонидан бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тақдимот қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









