Олот: Шойимовлар оиласи ярим йилда томорқасидан 40 миллион сўм даромадни кўзлаган
2025-05-20 20:05:00 / Янгиликлар

Шу ўринда баъзи маълумотларга тўхталсак, айни кунда олис Олот туманида мавжуд 4 минг 471 гектар аҳоли томорқасида умумий ҳисобда 53 минг тонна атрофидаги эртанги сабзавот-полиз маҳсулоти етиштирилмоқда. Чунончи, 570 гектарда 4 минг тоннадан ортиқ картошка, шунингдек, 502 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 171 гектарда 3 минг 158 тонна сабзи, 580 гектарда 11 минг тонна атрофида пиёз, қолаверса, 700 гектардан ортиқ ерда 30 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштириш ҳаракати жадал бормоқда. Чекка туман миришкорлари кейинги йилларда карам, гулкарам, қулупнай, ҳатто иссиқхона шароитида цитрус мева етиштиришда ҳам етарли тажрибага эга бўлиб боришмоқда.
Шундай ташаббуслардан бири "Қумкашон" маҳалласида ҳам ўз самарасини бермоқда. Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Зарнигор Шойимова 40 сотих ерни узоқ муддатли ижарага олиб, ундан унумли фойдаланмоқда. Бу оила меҳнаткашлари картошка, помидор, бодринг, булғор қалампири, сабзи, ловия, қовун, тарвуз ва ошқовоқ каби сабзавот, полиз маҳсулотларини етиштиришиб, рўзғорига қут-барака киритмоқдалар.
Мавжуд ернинг 4 сотих қисмида картошкадан 1 тоннага етказиб, яна помидор ва қовун-тарвуздан шунча ҳосил олишга яқин бўлган Шойимовлар оиласи ярим йилда томоррқадан қўлга киритаётган даромади 40 миллион сўмдан кам эмас. Ҳали яна ер тайёрлаб, такрор экиб етиштириладиган маҳсулотлар салмоғи бунданда баракалироқ. Демак, йил якунигача умумий эришиладиган моддий манфаатдорликни чамалаш мумкин. Асосийси, шундай ташаббус ва сидқидил меҳнат туфайли маҳалла ва қишлоқларда одамлар ўз меҳнати билан турмуши фаровонлигини таъминламоқдалар.
Умуман, олис туманнинг Қумкашон маҳалласида бугунга келиб 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳаллада эскидан томорқачилик, чорвачилик ва паррандачилик, умуман, дала-деҳқончилик ишлари ривожланган. Шу боис, ҳудуд “драйвери” — деҳқончилик ҳисобланади. Бу ерда асосан сабзавот-полиз экинлари, картошка, пиёз, помидор, бодринг, ошқовоқ, лавлаги, шунингдек, узум, анор ва бошқа сара маҳсулотлар етиштирилмоқда. Бундан ташқари, уй хўжалигида даромад топиш ва тадбиркорликда ҳам пешқадам маҳаллалардан бири.
Буларга қўшимча хонадон миришкорлари ҳовли этагидаги оғилхонани ҳам обод қилиб, 3-4 бош қорамол, соғин сигир, қўй-қўзи боқиб, рўзғор кам-кўстини тўлдиришмоқда. Айтиш жоизки, ҳалол меҳнат туфайли бир оиланинг томорқадан олинаётган сабзавот маҳсулотлари билан бирга сут, қатиқ, қаймоқ, қолаверса, гўштга бўлган кундалик эҳтиёжи қондирилмоқда. Дарҳақиқат, буларнинг барчаси оилада томорқа маданияти, дастурхон тўкинлигини таъминлаш мақсадида омилкорлик билан иш кўриш самарасидир. Хонадон бекаси Зарнигор Шойимованинг таъбири билан айтганда, тўқлик йўқликдан яхши, томорқа унинг нақшидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







