Шофиркон: Мирзоқулдаги намунавий ўқув-тажриба экин ерида иш қизғин
2025-05-14 17:30:00 / Янгиликлар

Ички бозор, аҳоли талаб ва эҳтиёжига мос, сердаромад сабзавот, полиз, дуккакли маҳсулотларни экиб етиштириш, деҳқон ва томорқа эгалари малакасини ошириш, уларга амалий билим ва кўникмалар бериш мақсадида маҳаллий ҳокимлик ва фермерлар кенгаши томонидан мазкур лойиҳа рўёбга чиқарилган.
Мазкур тажриба майдонининг умумий ҳудуди 2,7 гектарни ташкил қилади. Эрта баҳор кунларидан бу ерни обдон тайёрлаб, 1 гектар ер майдонида плёнка остида тарвузнинг “Нассо”, яна 1 гектар майдонда қовуннинг “Оби наввот” нави экилиб, парваришланмоқда. Пишиқчилик мавсумига бориб бу экинлардан 80 тоннагача ҳосил олиниши, ҳосилдан эса 130 миллион сўм атрофида даромадга эришиш мақсад қилинган.
Қолган ер майдони ҳам бўш қолдирилмасдан, сабзавотлар, хусусан, булғор қалампири, картошка, бақлажон, саримсоқпиёз кабилар экиб парваришланмоқда. Иккинчи ва учинчи мавум деҳқончиликдан умумий йиллик даромадни 400 миллион сўмгача етказиш кўзда тутилган. Айни пайтда хўжаликнинг ўнга яқин ишчиси қўл кучи билан экиш, парваришлаш, суғориш каби агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилмоқда.
—Бу каби тажриба майдонлари оддий бир ер эмас, бу билим, тажриба, даромад ва келажак учун очилган йўлдир. Ҳар бир томорқа эгаси ушбу амалий лойиҳадан илҳом олиб, ўз ҳовлисида сердаромад экинлар орқали аввало рўзғорини бут қилиши, даромад топиши учун имконият яратиши зарур,—дейди туман фермерлар кенгаши раиси Учқун Умаров.—Бу билан аҳолининг бандлигини таъминлаш, томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ёшлар, хотин-қизлар ўртасида оилавий моддий манфаатдорлик ҳиссини кучайтириш, камбағалликни қисқартириш муҳим омилдир. Бир сўз билан айтганда, намунавий ўқув-тажриба майдони – бу инновацион ёндашув асосидаги деҳқончиликнинг амалий тажриба хўжалигидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








