Бухоро ва Омск вилоятлари ўртасида ҳамкорлик ривожлантирилади
2025-04-26 21:15:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида делегациянинг Бухоро вилояти расмийлари билан учрашуви ташкил этилди.
Мулоқотда таълим, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, аҳоли бандлиги каби муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф икки ҳудуд ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлгани эътироф этилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бугунги кунда Ўзбекистон — Россия муносабатлари янги босқич – кўпқиррали стратегик иттифоқчилик ва ишончли ҳамкорлик даражасига кўтарилганини қайд этиб, ҳудудлараро алоқалар фаоллашаётганини билдирди.
Таъкидланганидек, кейинги беш йилда Бухоро вилояти ва Россия Федерацияси субъектларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлигида салмоқли натижаларга эришилди. Айтиш жоизки, Россия Федерацияси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган етакчи уч давлат қаторидан жой олган. 2024 йил якунлари бўйича вилоятимиз билан Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 380,0 миллион долларга етди. Жумладан, экспорт ҳажми 92,0 миллион долларни, импорт ҳажми эса 288,0 миллион долларни ташкил этди.
Жорий йилнинг 3 ойи давомида бу кўрсаткич 134,0 миллион долларни ташкил қилиб, экспорт ҳажми 25,0 миллион долларни, импорт ҳажми эса 109,0 миллион долларни ташкил этди. Яқин йилларда Россия ўртасидаги ташқи савдо кўрсаткичини 1,0 миллиард долларга, 2030 йилда эса бу кўрсаткични ошириш режалаштирилган.
— Албатта, бу қийин, аммо шунга қарамай, амалга ошириш мумкин бўлган вазифа. Ишонамизки, келгусида россиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда саноат кооперациясини кенгайтириш ва бутун саноатни ривожлантириш, шунингдек, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва Россия компаниялари иштирокида янги қўшма корхоналар яратишга эришамиз,-деди Ботир Зарипов.
Вилоят раҳбари мазкур йўналишдаги ишлар янги босқичда давом этишини билдириб, икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди. Омсклик тадбиркорларни Бухорога келиб, иқтисодий-инвестициявий имкониятлар билан танишиш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.
Омск вилояти губернатори Виталий Хотсенко икки ҳудуд ҳамкорлигини янада ривожлантиришни, қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилишини билдирди.
— Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида минтақамизнинг асосий ҳамкорларидан биридир. Омсклик тадбиркорлар Ўзбекистонга тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиб, кимё маҳсулотлари ва ёғоч етказиб бермоқда. Ҳамкорлик бу билан чекланмайди, деярли барча соҳаларни қамраб олади. Ишонаманки, учрашувимиз Омск ва Бухоро вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлади, — деди губернатор.
Видеотақдимотда Бухоронинг мавжуд салоҳияти ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқот якунида икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий, маданий гуманитар ва бошқа соҳаларда алоқаларни мустаҳкамалаш тўғрисида келишув имзоланди. Ҳамкорликда янги лойиҳаларни бошлаш, ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









