Қоракўл: Шерзод Худойбердиев томорқачиликда, Феруз Саноқулов эса паррандачиликда тенгдошларига ибрат...
2025-04-07 19:50:00 / Янгиликлар

Онлайн электрон савдоларида ғолиб бўлиб, ер майдонларини олган ёшлар айни кунларда эрта баҳорги экин-тикин ишларини агротехник талаблар даражасида олиб бормоқдалар. Жумладан, ўтган 2024 йилда қоракўллик эҳтиёжманд оилаларга ҳудудда 467 гектар ер майдони унумдор ва суғоришга қулай ҳудуддан ажратилган бўлса, жорий йил 1 апрель ҳолатига келиб бу кўрсаткич 510 гектарни ташкил этмоқда. Аниқроғи, бултур 1681 нафар ёшлар ўз экин ерига эга чиққан бўлсалар, эндиликда улар сони 1851 нафарга етмоқда.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, биргина “Дўрман” маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз, мигрантликдан қайтган ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган оилалар вакилларига эмин-эркин деҳқончилик қилиб, аввало рўзғор кам-кўстини қоплашлари учун шу йил бошида яна 1 гектар ер майдони ўнга яқин талабгорга тақсимлаб берилган. Мазкур ерларга ёшлар картошка, сабзи, пиёз, булғор қалампири ва бошқа сабзавот маҳсулотларини экишни бошлаб юборишган.
— Қишлоғимиз аҳли азалдан боғдорчилик, деҳқончилик билан шуғулланиб келади, — дейди бугун ер олиб деҳқончилик қилаётган Шўрработ қишлоғилик Бобуржон Бўстонов. — Аммо, экин еримиз кичикроқ бўлгани сабабли ундан оладиган даромадимиз ҳам кам эди. Бугунга келиб ҳар тарафлама қулай жойдан ер ажратиб берилганидан фойдаланиб, ердан самарали фойдаланиш ҳаракатидамиз.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи яна ёш миришкор Шерзод Худойбердиев ҳам ҳозирда томорқасини обод қилиб, унинг ҳар қаричидан самарали фойдаланмоқда. Хонадон аҳли эрта баҳордан экин ерида саримсоқпиёз, картошка, исмалоқ ва булғор қалампири экиб етиштириб, аввало рўзғорига қут-барака киритмоқда.
— Ҳалол пешона тери эвазига хонадонимизда сабзавот маҳсулотлари ўзимиздан чиқмоқда. Ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиб, биринчи навбатда ўз рўзғори эҳтиёжини қопласа, камбағал оиланинг ўзи қолмайди,— дейди Шерзод Худойбердиев.—Ўзимиздан қиёс олсак, томорқамиздан олинаётган даромад туфайли ортиқча пул сарфлаб, бозор-ўчар қилиб юрмаймиз. Ҳалол меҳнатимиз ортидан ўғил, қизимни ўқитяпмиз, уйли-жойли қилиб, орзу-ҳавасимизни кўрмоқдамиз.
Худди шундай, ҳозирда чекка туманда аҳоли ва фермер хўжаликлари қарамоғида 159 минг 300 бош йирик шохли ҳамда 293 мингдан ортиқ майда шохли моллар, 800 минг бошдан ортиқ парранда, 265 бош от, 760 бош қуён, 85 бош туя парваришлаб келинмоқда.
Тайқир маҳалласида яшовчи ёш миришкорлардан Феруз Саноқулов ҳам ўрдак боқиб кўпайтиришни мақсад қилган. Хонадонида махсус жой ҳозирлаб 20 бошга яқин ўрдак парвариш қилмоқда. Зеро, томорқа ва паррандачилик тармоқлари бандлик, тўкинлик ва арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли ҳамдир. Дастурхон файзу баракаси, турмуш фаровонлиги ҳам шундан.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








