Асосий контентга ўтиш

Вобкент: аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти кенгаймоқда

2025-03-29 15:00:00 / Янгиликлар

Шубҳасиз, сув бор жойда ҳаёт бор. Бежизга бу азиз ва тансиқ неъматга «оби ҳаёт» дея таъриф берилмаган. Ҳозирда Вобкент тумани аҳолисининг ҳам истеъмолга яроқли тоза ичимлик сувига бўлган талаб ва эҳтиёжи қондирилиб, маҳалла ва қишлоқларга водопроводлаштирилган сув тармоғи кириб бормоқда. Сўнгги икки йилни олсак, туманда Кўлодина, Қатаған, Бозоржойи, Чўрикалон, Латифсобунгар, Кўкдала, Работхоса каби маҳалла ва қишлоқларнинг ўнлаб оилалари истеъмолга яроқли ичимлик суви билан таъминланди. Маҳаллий бюджетдан катта сармоя сарфлангани ҳолда бу ҳудудларга водопровод тармоғи тортилди.

Таҳлиллардан кўринишича, айни кунда туманда жами 17 минг 660 та аҳоли истеъмолчилари, 375 та улгуржи истеъмолчилар ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, туман аҳолисининг водопроводлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси айни кунда 56 фоизни ташкил қилмоқда. Вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан ҳудудда мавжуд сув иншоотлари иш фаолияти, водопровод суви етиб бормаган қишлоқлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 

Аҳамиятли жиҳати, туманда аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаб-эҳтиёжини қондириш мақсадида 2023-2024 йиллар давомида умумий узунлиги 124,8 километрга тенг тоза ичимлик сув қувурлари тортилиб, бу борада амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йил якунига келиб жами 4 минг 890 та аҳоли хонадони ва 5 та улгуржи ташкилот шартнома асосида «оби ҳаёт» билан таъминланмоқда. Айни пайтда ҳудуддаги мавжуд 44 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 19 тасида аҳолининг водопроводлашган тоза ичимлик сувига бўлган  талаби қондирилаётгани ҳолда қолган қишлоқ ва кўчаларга ичимлик суви қувурини тортиш ишлари режалаштирилмоқда. 

Таъминотчи сифатида ҳозирда «Бухоро сув таъминоти» АЖ Вобкент тумани филиали тасарруфидаги 7 та гидроиншоот—«Пахтакор», «Хайрхуш», «Поноб», «Шакаркент», «Дамхўжа», «Қўнғирот» ва «Дуоба» сув иншоотлари орқали аҳоли хонадонларига тоза ичимлик суви етказилмоқда. Шундан, «Шакаркент» сув иншооти 5 минг 500 та истеъмолчи хонадонга, «Хайрхуш» — 4 минг 200 та, «Пахтакор» сув иншооти – 3 минг 100 та, «Дамхўжа» сув иншооти – 1 минг 500 та, «Поноб» сув иншооти – 1 минг 450 та, «Дуоба» сув иншооти – 1 минг 100 та, «Қўнғирот» сув иншооти эса 810 та истеъмолчи хонадонга хизмат кўрсатмоқда. Албатта, яқин ойларда бу борадаги чора-тадбирлар янада кенгайтирилади. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

 

24

Охирги янгиланиш: 2025-03-29 15:04:39

Вобкент: аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти кенгаймоқда