Шофиркон: Нуриддин Нарзиев бу йил 5 гектар ерда қовун етиштиради
2025-03-12 13:55:00 / Янгиликлар
Яқин-яқингача Шофиркон тумани миришкор боғбонлари Жилвон чўли бағридаги токзорларда ширага тўйиниб пишган сархил узумлари, дармондорига бой майизи билан довруғ таратган бўлса, айнан чўлга туташ манзилларда турфа навли қовун етиштиришга ҳам қизиқиш кучли бўлган. Айнан Қизилқум этагидаги чўлқуварлар заминида қуёш тафтида обдон етилиб пишган қовун-тарвуз вилоят ва республикага, ҳатто, қўшни мамлакатлар бозорига етказилган. “Тилими тилни ёрадиган” қовуннинг нави, хушхўр таъми, ҳидигача қуёшнинг нафаси, табиат саховати, экиб етиштирган деҳқоннинг машаққати бор, албатта.

Кейинги йилларда “Талисангобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нуриддин Нарзиев сингари миришкорлар қовунчиликнинг эски шон-шуҳратини қайта тиклаш илинжида меҳнат қилишаётгани таҳсинга лойиқ. Эрта баҳордан ер тайёрлаб, жўяк тортиб қовун уруғини қадаб парваришлаш у ва оила аъзоларига ҳам кўп йиллик одатга, севган машғулотига айланган.
Нуриддин Нарзиев уч йилдан буён шу соҳада жиддий ҳаракатга киришиб, ер майдонини 5 гектарга етказди. Оиласи билан якдил мақсади йўлида аукцион орқали бир томони қумлик массивга туташ ерни тасарруфига олиб, ишга киришди.
—Қовун етиштириш фақат уруғ экиш билан битмайди. Бунинг учун ер танлаш, сув таъминотини йўлга қўйиш, уруғ ва навни синчиклаб танлаш керак,—дейди миришкор қовунчи.— Бу йил далада ҳандалак, «кўкча», «оби новвот» каби машҳур навлардан экиб етиштириш ҳаракатидамиз. Бу ҳар бирининг ўзига яраша таъми, шираси, хуш бўйи, бозордаги ўрни бор. Талаб борлиги учун полиз маҳсулотимизни нафақат маҳаллий бозорда, балки узоқ ўлкаларга ҳам жўнатиб, яхши даромад қилишни кўзлаганмиз.
Нарзиевлар оиласи жорий йил ҳосили учун айни кунда 5 гектарли контурни тайёрлаш ва экишга қарийб 100 миллион сўм сарф-харажат қилаётган экан. Аммо бу ҳали ишнинг бошланиши. Миришкор полизкорлар ҳар гектаридан 40 тонна атрофида, умумий ердан бир мавсумда 200 тоннага етказиб ҳосил олишни мақсад қилишган. Бундан қўлга киритиладиган даромадни эса хомчўт қилиш қийин эмас, назаримизда. Бу нафақат машаққатли меҳнат маҳсули, балки табиат саховати, полизкорлар тадбиркорлиги самарасидир.
Айни кунда Нарзиевлар контурида ер ҳайдаб, текисланиб, суғориш тизими йўлга қўйилган, уруғ экилган жўяклар устидан селлофан тортилиб, уруғ униб чиқиши учун тадорик кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








