Халқаро Нордик университети ва IDC (Intelligence Development Center) маркази ҳамкорлигида математика ва физика фани ўқитувчилари ўртасида ташкил этилган мусобақа ғолиблари тақдирланди
2025-03-05 15:45:00 / Янгиликлар

Жорий йилда эса яна 70 дан ортиқ барча таълим масканларида дастурларда белгиланган қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишларидан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантириш учун 150 млрд. сўм маблағ ажратилди ва мақсадли йўналтирилмоқда.
Бундан ташқари, таълим сифатига қаратилаётган эътибор, ундаги ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда вилоятимиздаги умумий ўрта таълим мактабларининг касбий салоҳиятга эга бўлган олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 23 фоиздан 51 фоизга, яъни 28 фоизга ошди.
Бугунги кунда ўз касбий салоҳиятини ошириб борган ҳар қандай соҳа ходими давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Жумладан, вилоятимиздаги 118 нафар педагогнинг ҳар бирига 5 млн. 700 минг сўмдан устама белгиланиб, ушбу кўрсаткич квотага нисбатан 113,5 фоиз билан республикада юқори кўрсаткични ташкил қилмоқда. Айни пайтда минг доллардан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар сони 250 нафарга яқинлашди.
Айни жиҳатлар бугун вилоят ҳокимлигида Халқаро Нордик университети ва ИДC (Интеллигенcэ Девелопмент Cэнтер) маркази ҳамкорлигида математика ва физика фани ўқитувчилари ўртасида ташкил этилган мусобақа ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимида алоҳида тилга олинди.
Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Халқаро Нордик университети (ХНУ) Тошкент шаҳридаги «Қоракўл зиё» ўқув маркази (Intelligence development center-IDC) билан ҳамкорликда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг математика ва физика фани ўқитувчилари ўртасида икки босқичли мусобақа ташкил этилган эди.
Якуний натижаларга кўра, математика фанидан 4 нафар (1-ўрин 1 нафар, 2-ўрин 1 нафар, 3-ўрин 2 нафар), физика фанидан 3 нафар (1-2-3-ўринлар 1 нафардан) ўқитувчи ғолиб бўлди.
Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ғолиб ва совриндорларни самимий қутлаб, ўзининг эзгу тилакларини билдирди.
-Сизларнинг ғалабангиз, умуман, ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун самимий миннатдорлик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз. Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз,-деди вилоят раҳбари.
Тадбирда ғолиб ва совриндор педагогларга қимматбаҳо совғалар билан бирга Финляндия ва Швецияга таълим саёҳати учун йўлланмалар топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати