Вилоят Туризм бошқармасининг туманлараро бўлими очилди
2025-02-22 20:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда республика Туризм қўмитаси масъул ходими Шавкат Шарипов, шу қўмита ҳузуридаги "Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази" ДУК мутахассиси Сухроб Файзиев, Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Суҳроб Бобокалонов ва бошқалар, жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.
Очилиш маросимида таъкидланганидек, сўнгги йилларда вилоятимизда сайёҳлик соҳаси ривожланаётгани, хусусан, қадим Бухорога келаётган хорижий сайёҳлар сони йилдан йилга кўпайиб бораётгани натижасида ҳудудда туризм инфратузилмаси шаклланиб, туризм қишлоғи ва этно маҳаллалар пайдо бўлаётгани мазкур туманлараро бўлим фаолиятига эҳтиёжни оширди.
Биргина Ғиждувон туманини олсак, азалдан савдогар тижоратчилар юрти бўлгани боис, туман марказидаги Қўрғон маҳалласида ҳам бугунга келиб юздан ортиқ новвой, алоҳида қандолатчи-ҳолвапазлар, қассоблар, қўли гул ҳунармандлар, савдогар тижоратчилар истиқомат қилиб келишмоқда. Хожа Aбдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғунликда қадимий “Ғиждувон Қўрғони”ни қайта тиклаш орқали қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоронинг бир қисми сифатида очиқ осмон остидаги музей барпо қилишга қарор қилинган.
Пудратчи “DJ Progect building” томонидан қадимий “Ғиждувон қўрғони”нинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилган. Халқаро экспертлар ҳамда Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти бошчилигида XIX асрга оид “Бозори қаймоқ”, “Болойи қассобон”, “Бобораҳимбой” масжидлари ва XVI асрга оид “Эски тош ҳаммом” каби қадимий иншоотлардаги қайта таъмирлаш ва тиклаш ишлари якунланиб, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар ташрифига тайёрланган.
Шунингдек, Шофиркон туманида кўп минг йиллик иншоотлар қаторида тарихий аҳамиятга эга “Вардонзе” қўрғони, “Етти Пир” силсиласига мансуб авлиёлардан бири Хожа Ориф Ар-Ревгарий зиёратгоҳи, яна ҳудудда азалдан шаклланган ҳунармандчилик, сўзаначилик ва каштадўзлик анъанаси, Вобкент туманида “Етти Пир” силсиласига мансуб авлиёлардан бири Хожа Анжир Фағнавий зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар, “Ширин” этнотуристик қишлоғи ва унда давом эттирилаётган ҳунармандчилик намуналари маҳаллий ва хорижий сайёҳлар қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Тадбирда “Қўрғон” маҳалласи иқтидорли ёшларининг қўл меҳнати намуналари, маҳалла ҳунармандлари, жумладан, Ғиждувон кулчаси, ҳолва-ширинликлари, миллий таомлари, кулолчилик буюмлари намойишлари ҳамда фольклор жамоаси чиқишлари иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати