“Himchan” клиникаси Бухоро филиали раҳбари Леэ Жаэ Сеоп Ғиждувонда бўлди
2025-02-21 16:30:00 / Янгиликлар

“Himchan” клиникаси дунё бўйлаб 11 та филиалга эга бўлиб, шулардан 8 таси Жанубий Кореяда жойлашган. Ўрта Осиёдаги ягона филиали эса Ўзбекистонда, Бухорода жойлашган бўлиб, тиббиёт муассасаси илғор технологиялар ва корейс тажрибасига асосланган хизматларини тақдим этмоқда.
Тиббиёт муассасасида асосан, ортопедия, травматология (тос-сон суяги бўғими, тизза бўғимини эндопротезлаш), нейрохирургия (умуртқа поғонаси чурраси, вертобластика) касалликлари жарроҳлик йўли билан даволанади. Шунингдек, қўшимча равишда неврология ҳамда кардиология ва эндокринология йўналишлари бўйича ҳам беморлар шифо топади.
Шифохона 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 140 нафардан зиёд малакали врачлар ҳамда ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатади. Муассасага вилоятнинг қатор даволаш муассасаларидан сараланган ҳолда ишга қабул қилинган ортопед-травматолог, нейрохирург, невролог, жарроҳ, терапевт, кардиолог, радиолог, эндоскопист, анестезиолог каби мутахассисларнинг катта қисми Жанубий Кореяда малакаларини ошириб қайтишган.
“Himchan” клиникаси Бухоро филиалининг раҳбари Леэ Жаэ Сеоп Ғиждувон туманида бўлиб, замонавий таълим, айниқса, Корея мактаб таълими, Корея тиббиётининг ривожланаётган тажрибаси, у ерда таҳсил олиш, малака ошириш, замонавий касблар, архитектура каби тажрибаларни Ўзбекистонга татбиқ этиш масалаларига бағишланган тадбирда қатнашди.
Ўзбекона қабул ва меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлигини билдирган Леэ Жаэ Сеоп мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими ривож топаётгани, юқори технологик ташхис ва даволаш муолажаларида маҳаллий тиббиёт ходимлари, ёш мутахассислар сафи кенгаяётгани, бунда Корея тиббиётидан ҳам муносиб андоза олинаётганидан мамнунлигини изҳор этди. Бундан кейин ҳам икки давлат тиббиёти равнақига муносиб ҳисса қўшиш, ҳамкорликни ривожлантириш, илғор инновацияларни татбиқ этиш ва аҳолига юқори даражадаги тиббий хизмат кўрсатишга тайёрлигини баён этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати