Халқаро замонавий санъат биенналесини юқори савияда ўтказиш масалалари муҳокама қилинди
2025-02-17 14:25:00 / Янгиликлар

Мутахассисларнинг қайд этишича, халқаро архитектура ва санъатнинг илғор ютуқлари асосида ўтказилиши таклиф этилаётган мазкур анжуман Марказий Осиё мамлакатлари ичида илк маротаба Бухорода ташкил қилинади ҳамда минтақада Бухорони ноёб креатив кластер хабига айлантиришга хизмат қилади.
Мазкур тадбирнинг архитектуравий ечимлариини ишлаб чиқиш мақсадида БААнинг “WaiWai” архитектура ташкилоти жалб қилинган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорида қайд этилган Бухоро тарихий маркази ҳудудидаги 9 та объект (Гавкушон мадрасаси, Хўжа Калон ва Мағоки Aттори масжидлари, Мирзо Улуғбек тамакифуруш ва Aҳмаджон карвонсаройлари қолдиқлари, Олимжон, Aёзжон ва Фатхуллажон карвонсаройлари, Тасвирий санъат музейи)ни Халқаро замонавий санъат биенналесига тайёрлаш мақсадида реставрация, таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ҳамда уларнинг муҳофаза ҳудудларида асфальт-бетон қопламали йўл ва йўлакларда дастлабки лойиҳа ҳужжатларига кўра махсус тошли қопламалар ётқизиш мақсадида демонтаж ишлари олиб борилмоқда.
Биенналени ЮНЕСКО шафелигида ўтказиш ҳамда БАА, Франция, Буюк Британия, Саудия Арабистони каби мамлакатларнинг етакчи санъат ташкилотлари вакилларидан иборат Халқаро кенгаш томонидан бошқариш назарда тутилган.
Бугун вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг БАА ва Япониядаги “Waiwai design” архитектура компаниялари асосчиси, Бухорода ўтказилиши режалаштирилган биеннале куратори Ваель ал Авар,мазкур компаниянинг атакчи архитекторлари, компания Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мутасаддилари билан ўтказган учрашувида анжуманни юқори савияда ўтказиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Бажарилаётган амалий ишлар натижаси ўлароқ, катта ва кенг ҳудудда барпо этиш амалларидан ташқари, ободонлаштириш масалаларини ҳам тизимли ташкил этиш, аҳоли ва сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги имкониятларни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун: Биеннале италянча сўз бўлиб, “biennale”– икки йилда бир марта ўтказиладиган маданий, санъат ёки илмий тадбирдир. У одатда кўргазма, фестиваль ёки конференция шаклида ташкил қилинади. Биеннале нафақат санъатга, балки архитектура, дизайн, адабиёт ва бошқа ижодий соҳаларга ҳам бағишланиши мумкин. Ҳозирда Венеция ва Берлин биенналлелари дунёдаги энг нуфузли санъат тадбирлари ҳисобланади. Уларда 80 та мамлакатдан 1,5 мингдан ортиқ кўргазма намойиш этилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









