Вобкент: Чўрикалонда наслли қорамол боқиш оммалашмоқда
2025-02-15 20:10:00 / Янгиликлар

Тумандаги "Чўрикалон" МФЙ да яшовчи Фаррух Зокиров ҳам айни соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган оилавий хўжалик миришкорларидан. Ўтган 2024 йилда тадбиркор томонидан Эстония давлатидан 14 бош "голштейн" қизил зотли қорамол харид қилиб келтирилган бўлса, бугунга келиб зотдор қорамол сони 27 бошга кўпайган.
— Ишни бир маромда олиб бориб, насиб этса, яқин икки йилда туёқ сонини 40 бошдан ошириш ҳаракатидамиз,—деди Фаррух Зокиров.—Муҳими, ҳозирда хўжалигимизда 3 киши иш билан таъминланган. Бўрдоқига боқилаётган буқалардан ойига 30 миллион сўм, йилига 350 миллион сўмга етказиб моддий манфаат кўрилмоқда. Албатта, бунда қишловга алоҳида эътибор қаратилиб, кеч кузда маккажўхори силоси, дағал хас-хашак ва пичанни етарлича жамғарганмиз. Қолаверса, молларимиз кундалик озуқа рационида кунжара, шелуха, кепак, буғдой ёрмаси ҳам бор.
Умуман, биргина Вобкент туманида бугунга келиб бевосита чорвачиликка ихтисослашган жами 36 та қорамолчилик, шундан 10 та наслчилик йўналишидаги фермер хўжалиги ва оилавий корхона фаолият юритиб, имкониятларини кенгайтираётгани қувонарли, албатта. Жумладан, “Оқрабод”, “Саъдулло”, “Орзиобод”, “Нуриддин-Мурод”, “Турсунбозор замини”, “Холмурод Алишер”, “Зокирбек чорва—2018”, “Неъматов Амирбек Рустамович”, “Нажим Тошобод” каби фермер хўжаликлари, шунингдек, “Раззоқова Зарнигор Абдурасуловна” оилавий корхонаси тармоқда сезиларли ютуқларга эришмоқда.
Қорамолчилик тармоғини ривожлантиришда ишбилармон чорвадорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда 2024 йил давомида ҳудудда умумий қиймати 42 миллиард сўмга тенг бўлган 7 та лойиҳани амалга ошириш ва бунинг натижасида 65 та янги иш ўрнини яратиш чора-тадбири кўрилган.
Ҳозирда мазкур хўжаликларда бўрдоқичилик ва сут етиштириш йўналишларида боқилаётган қорамоллар учун етарли озуқа заҳирасини яратиш, талаб ва эҳтиёжга яраша чорва озуқаси экиб етиштириладиган қўшимча экин ери олишга эътибор қаратилмоқда. Хўжаликларда парваришланаётган наслдор моллар учун туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан малакали ветеринария сервис хизматлари кўрсатиш бўйича ҳудуддаги 12 та ветеринария хизмати кўрсатиш участкаси фаолияти талаб даражасида ташкиллаштирилган.
Жорий йил бошидан туманда барча тоифадаги хўжаликларда қорамол бош сони 118 минг бошга етиб, шундан соғин сигир сони 38 минг бошдан ортиқ, қўй ва эчки сони 121 минг бошга, парранда сони эса 317 минг 800 бошга ўсишга эришилган. Худди шундай, ҳудудда қорамол гўшти ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 4 минг тоннани ёки бултургига нисбатан 105 фоизни, сут ишлаб чиқариш ҳажми эса 20 минг тоннадан зиёдни ёки 107 фоизни ташкил этаётгани халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракат натижаси, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




