Вобкент: Бешрабодда бедана боқиб, бой бўлаётган миришкорлар бор
2025-01-17 14:20:00 / Янгиликлар

—Ҳозирда ҳар бир туп лимон бутасида етилиб пишган лимон ҳосилини саранжомлаяпмиз. Бундан қўлга киритган даромадимиз чакки бўлмади. Шу билан бирга, уйимизда алоҳида жой ҳозирлаб, парранда парваришини, яъни бедана боқишни йўлга қўйиб кам бўлмаяпмиз,—дейди миришкор оила соҳиби Улуғбек Ҳалимов.—Бу ҳам меҳнатидан қочмаса, анча даромадли тармоқ. Тўғри, бедананинг вазни енгил, тухуми ҳам майда. Аммо парҳезбоп бедана гўшти ва тухуми шифобахшлиги сабабли унга доим талаб юқори бўлган.
Ҳозирда уйимизда 1500 бошга яқин бедана парваришлаётган бўлсак, кунига ўртача 1000-1200 дона тухум олаяпмиз. Бир дона тухумни ўртача 400-500 сўмдан сотяпмиз ҳам. Буни хомчўт қилганда, ҳар ойига ўртача 6 миллион сўм соф фойда оляпмиз. Бундан ташқари, ҳаваскор хўжаликларга беданани кўпайтириб сотишни ҳам йўлга қўйганимиз туфайли қўшимча даромадга эришмоқдамиз.
Улуғбек Ҳалимовнинг билдиришича, кўп йиллик томорқа меҳнати, қолаверса, паррандачиликдан орттирилаётган даромад ҳисобидан оила орзу-ҳавасини кўрмоқда. Бунда вояга етган икки қиз ва бир ўғилнинг касб-корли, ҳунарли бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топишида оиладаги меҳнат муҳити катта аҳамиятга эга, албатта. Меҳнатсеварликлари учун ҳам улар бугун ота-оналари қанотига киришган, уларга яқин кўмакчи.
Миришкор беданачи хонадон тажрибасидан аён бўлишича, бир бош бедана бир йилда ўртача 250-300 дона тухум қўяркан. Тухуми дармондорига бой, фойдали хусусиятларига эга бўлиб, калий, темир, фосфор ва яна В-1, В-2 витаминлари товуқ тухумига нисбатан 2,5 баробарга кўпроқ экан. Унда аминокислоталар ва оқсил моддаси ҳам бошқа паррандалар тухумига нисбатан юқори бўларкан.
Ҳа, халқимизнинг “Ҳаракатда баракат” деган пурмаъно гапи айнан Улуғбек Ҳалимов сингари миришкорлар оилалаларига нисбатан топиб айтилган. У сингари ишбилармон вакиллари иш услуби, меҳнаткашлиги томорқасини қишин-ёзин қаровсиз, ташландиқ ҳолга ташлаб, бир туп дарахт ниҳоли экиш нималигини билмайдиган боқимонда кайфиятида юрган баъзи-бировларга ибрат-намуна бўлса, кошки эди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






