Пешку: қорақалпоқлик ёш спортсеварлар учун янги иншоот ишга туширилди
2025-01-17 13:30:00 / Янгиликлар

Қарийб 4 минг нафар аҳолиси бўлган ҳудудда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида қиймати 14 миллиард сўмга молиялаштирилган 550 ўқувчи ўрнига эга замонавий таълим даргоҳи иншооти барпо қилинган. Унинг лойиҳасига мувофиқ, уч қаватли таълим даргоҳида 20 тадан ортиқ синф хонаси, кутубхона, ошхона ва бошқа ёрдамчи хоналар билан бирга аҳолининг спортсевар ўғил-қизлари учун стандарт ўлчами 12 х 24 метр ҳажмдаги спорт зали ва 18 метрга 8 метр ўлчамдаги сунъий қопламали очиқ футзал майдони ҳам қуриб, фойдаланишга топширилган.
Шунга қарамасдан, аҳоли сони ошиб бораётгани, қорақалпоқлик ёш спортсеварлар орзу-интилишларини инобатга олган ҳолда чекка маҳаллада алоҳида ер майдони ажратилиб, 90 метрга 45 метр ўлчамдаги стадион ва унинг ёнидан сунъий қопламали футзал майдони барпо қилингани кўпларни хурсанд қилди. Шу ерда волейбол, баскетбол, воркаут майдончалари ва югуриш йўлаклари шай қилингани ҳам ёш спортсеварлар учун айни муддао.
Эътиборлиси, бу лойиҳа рўёби қорақалпоғистонлик аҳолининг якдил ташаббуси маҳсули ўлароқ, “Оpen budjet” лойиҳаcи доирасида 125 та ташаббус ичидан 2434 та овоз йиғиб, ғолиблар қаторида эътироф этилгани бўлди. Мазкур ташаббусга мувофиқ, юқоридаги спорт иншооти учун 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди ва қурилиш ишлари ўтган ойларда сифатли адо қилинди.
Очиқ спорт иншоотини фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, маъмурий сектор раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари ҳозир бўлдилар. Ёшларга янги имконият ва қулайликлар учун хайрли иш бошида турган мутасаддиларга миннатдорлик билдирилиб, шу куни байрамона дастурхон ёзилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









