Йил сўнгида янги тақдимот
2024-12-23 21:05:00 / Янгиликлар

Хожа Аҳмад Яссавийнинг "Девони ҳикмат" асари асосида театр бош режиссёри Лазиз Наврўзов томонидан инсенировка қилинган ва саҳналаштирилган "Чор дарвеш" фалсафий драмасида бу улуғ зот фақат янги тариқат яратувчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф шеъриятининг биринчи ижодкори сифатида ҳам қайтарилмас ва унутилмас тарихий вазифани амалга оширганлигига урғу берилади.
Туркий тил ҳам гўзал, ҳам қудратли, ҳам бағри кенг тилдир. Бу тилда қадим замонларда Буддизм ва Моний динига доир матнлар шарҳланган. Бу тилда яна бошқа динларнинг тушунчаларини ифодаловчи шеърлар ёзилган. Аммо Аҳмад Яссавий ўз она тилини биринчи бўлиб тариқат тили мақомига кўтарди. Шунинг учун унинг шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари қадар муқаддас, нурли ва илоҳийдир.
Аҳмад Яссавий ҳикматларининг ҳар бир сатрида олам-олам маъно бор. "Девони ҳикмат"да илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирли оҳангларда ёритиб берилган. Яссавийнинг ғоявий, ахлоқий, маънавий-маърифий ва мафкуравий йўналиши ўзига хос. Буни Яссавий ҳаёти, тариқати ва ижодиётидан баҳс юритилган ўнлаб қадимий манбалар, айниқса, Султон Аҳмад Ҳазинийнинг "Жавоҳир ул-аброр мин амвож ил-биҳор" асари ҳам тўла тасдиқлайди.
У ҳикматларидан бирида "Юз йигирма бешга кирдим, билолмадим", дейдики, бу сўзлар тарихий ҳақиқатдан кўра, маноқибий мазмунга эга. Бундан ташқари, 125 йиллик узоқ бир умрнинг ярмидан кўпини "ер ости"да ("Олтмиш учда ер остига кирдим мано", дейди Яссавий) ўтказиш ақл бовар этмас ҳодисадир.
Режиссёр мана шу маъноли ва ҳаётий ҳикматлар асосида ўзи инсенировка қилган асарда бугунги кун одамлари, улар орасида меҳр-оқибатнинг йўқолиб, жигарчилик муносабатларининг бузилиб бораётгани, шайтоннинг гапига кириб, гуноҳ йўлга қадам босишнинг аянчли оқибатлари ҳақида фикр юритади. Ва бу гуноҳ ишларнинг ҳаммаси турли образлар ёрдамида саҳнада акс эттирилади. Бир сўз билан айтиладиган бўлса, асар ҳаммамизни ўзимиз ва ўзимиз яшаб турган ҳаётга янада теранроқ назар ташлаб, ўзимизни тафтиш этишга, ҳар бир ишимизни чуқур таҳлил қилиб кўришга ундайди.
Асар тақдимотида Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси раисининг ўринбосари Усмон Эратов ва ва Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий кенгаш аъзоси Тоҳир Дўстмуҳаммедов, вилоят қўғирчоқ театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Йўлдош Генжаев иштирок этишди ва янги спектакль хусусидаги фикрларини билдиришди. Янги асар соҳа билимдонлари томонидан юксак баҳоланди ва қабул қилинди. Спектакль иштирокчиларининг кийимлари ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтилди. Айтилган кичик камчиликлар эса премерагача тўғриланиши тайинланди.
Асарда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саодат Ғуломова, "Дўстлик" ордени совриндори, саҳна устаси Раҳим Эргашев, Сирож Вафоев, Мурод Ҳасанов, Шамшод Неъматов, Лазиз Ҳалимов, Абдували Маҳмудов, Амир Ғаффоров, Суҳроб Қурбонов, Дилфуза Жўрақулова ва бошқалар ўзларига топширилган ролларни катта маҳорат билан ижро этдилар.
Асар тарбиявий аҳамиятга эгалиги билан ўз томошабинларини топади, деган умиддамиз.
Моҳигул Назарова,
Вилоят мусиқали драма театри адабий бўлими мудири






