Бухорода ҳам ҳайдовчилар учун имтиҳон маркази очилди
2024-12-17 16:45:00 / Янгиликлар

Шунга кўра «Аутодривер Студй» масъулияти чекланган жамияти томонидан Бухоро туманидаги «Истиқбол» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича «Бухоро вилояти имтиҳон маркази» барпо этилди.
Марказ бир кунда 450 нафардан талабгорни назарий имтиҳондан, 300 нафардан ортиқ талабгорни амалий имтиҳондан ўтказиш қувватига эга. Бу ерда назарий имтиҳонларни ўтказиш учун техник ва технологик воситалар билан махсус жиҳозланган зал (хоналар), автомототранспорт воситаларининг барча тоифалари бўйича амалий имтиҳонларни ўтказиш учун автоматлаштирилган автодром ташкил этилган.
Эндиликда инновацион технологиялар билан жиҳозланган ва барча қулайликларга эга бўлган бу жойда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳонлар ўтказилади.
Марказда махсус жиҳозланган автомототранспорт воситалари ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўзаро боғловчи марказий дастурий мажмуа фаолият юритади ва ҳайдовчиликка номзодлар томонидан амалга оширилган ҳар бир синов машқлари натижаларини инсон омилисиз автоматлаштирилган назорат тизими орқали баҳоланади. Айниқса, марказнинг диспетчерлик (назорат) пункти ҳайдовчиликка номзодларнинг ҳаракатларини кўрсатиб турадиган компьютер ва мониторлар, автоматлаштирилган автодром тизимининг элементи сифатида ишлайдиган ахборотни доимий қабул қилиш, узатиш ва қайта ишлаш ускуналари, овозли алоқа воситалари билан жиҳозланганлиги муҳимдир.
Мазкур имтиҳон марказида етарли ҳуқуқий билими шаклланган ва ўзаро маданият, малакага эга ҳайдовчилар синовдан ўтказилиб вилоятда йўл транспорт ҳодисаси кескин камайишига эришилади. Марказнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Вилоят раҳбари имтиҳон марказининг очилишидан мақсад ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда таниш-билишчилик ва коррупцияга барҳам бериш эканлигини алоҳида таъкидлади.
Равмзий лента қирқилиб, йиғилганлар марказда яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди.
Ушбу инновацион мажмуада имтиҳоннинг назарий қисмида бирваракайига 25 кишидан тест олиш мумкин. Автополигонда эса 10 та курсант бир вақтнинг ўзида амалий имтиҳон топширса бўлади.
Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Номзод Марказга келганида ўзига тегишли индивидуал ҚР-кодини олади, бунда у топширадиган имтиҳонларнинг ҳар бир босқичи белгилаб қўйилган бўлади.
Маслан, назарий имтиҳондан ўтиш учун 20 та саволдан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш талаб этилади, бунга 25 дақиқа вақт ажратилади. Агар ушбу синов босқичидан муваффақиятли ўтса, номзод ҳайдовчилик бўйича амалий имтиҳонни топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Кутиш залида унга зарур кўрсатмалар берилади, шунингдек, қайси машғулотларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ акс эттирилган видео маълумотнома намойиш этилади.
Машинани курсантнинг бир ўзи бошқаради. Машина бошқаруви асносида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бериладиган жарима баллари 99 балл чегарасидан ошиб кетмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади.
Номзод амалий имтиҳондан ўта олмаса, у назарий имтиҳонни муваффақиятли топширган пайтдан бошлаб 2 ой ичида 7 кунлик интервал билан қайта топшириши мумкин. Агар бу муддат ичида топшира олмаса назарий имтиҳонни ҳам бошқатдан топширади.
Назарий ва амалий имтиҳонлар бўйича қўшимча тайёргарликка муҳтож номзодлар учун Марказда экспресс-курслар мавжуд.
Имтиҳонларнинг иккала босқичи муваффақиятли топширилганидан сўнг, сертификат берилади, номзодлар бу сертификат билан ЙҲХБга мурожаат қилишлари лозим. Сертификат маълумотлар базасида текширилганидан сўнг, уларга белгиланган тартибда ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилади.
Ушбу марказларнинг фаолияти ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш соҳасидаги коррупцияга тўлиқ барҳам бериш имкони борлигини амалда намоён этди. Бу, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартидир, чунки имтиҳон муваффақиятли топширгани тўғрисидаги гувоҳномани фақат йўл ҳаракати қоидаларини, ҳайдовчилик кўникмаларини билган ва буни амалда қўллай оладиганларгина олишлари мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмат









