Вобкент: келгуси ҳосил учун экин ерларини шудгорлаш тадбири давом этмоқда
2024-12-12 21:00:00 / Янгиликлар

Келгуси 2025 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида пахта ва ғаллачиликда ҳосил салмоғини ошириш орқали 17,8 минг тонна ғалла ҳамда 40 минг тонна пахта хом-ашёсини етиштириш, шу билан бирга, пахтачилик соҳасида янги авлод навларини кенг қўллаш мақсадида 2 минг гектар экин ер майдонларига юқори ҳосилдор хорижий навлардан экиб етиштириш чоралари кўрилмоқда.
Ҳудудда умумий суғориладиган экин ер майдонларига қишлоқ хўжалиги, сабзавот-полиз маҳсулотлари озиқ-овқат экинлари ҳамда мевали боғ-токзорларни 30 фоизга, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган майдонларда сув тежовчи технологиялар орқали суғориладиган майдонларни эса 2131 гектарга етказиш ишлари аллақачон бошланган. Янгидан очиб обод қилинаётган ерларда чорвачилик ва пиллачиликни ташкил этишга урғу бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 2 минг тоннасини қайта ишлаш орқали 1,2 миллион АҚШ долларига тенг тайёр маҳсулотни хорижга экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.
Юқоридаги мақсадларга эришиш учун айни кунда туманда келгуси йил ҳосилига пухта замин тайёрланмоқда. Ҳудудда жами 9 минг гектардан ошиқ ер майдонида кузги шудгорлаш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Бунинг учун мавсумолди техник кўрикдан ўтказилган жами 47 та юқори унумли ҳайдов трактори жалб қилинган. Бугунга келиб шудгорланадиган майдоннинг 7 130 гектари ёки белгиланган контурларнинг 79 фоизи талаб даражасида чуқур ҳайдалиб, “шўр ювиш” ишларига тайёрлаб қўйилди. Агротехник тадбирларни илғорлар сафида адо этаётган айрим пешқадам хўжаликларда суғориш ишлари аллақачон бошланган.
Бу жараёнда агроинспекция маъсул ходимлари даладаги ҳайдов тракторлари созлиги, барқарор ишлаши ва механизаторларга зарур ёқилғи, эҳтиёт қисм ва иш ҳақларининг вақтида етказиб берилиши ҳамда уларга яратилган шароитларни назоратга олиб, яқиндан кўмаклашиб, шудгорлаш ишларини муддатида якунлаш чораларини кўрмоқдалар. Ҳар йилги каби туманда шудгорлаш олдидан ҳар гектар ҳисобида 5 тоннадан маҳаллий ўғит киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби агротехник тадбирлари Пирмаст, Кумушкент, Халач, Шакаркент, Косари, Хайрхуш каби 14 та ҳудудда талаб даражасида ташкиллаштирилган бўлиб, ер ҳайдаш баробарида ҳудуддаги сув йўллари, ариқ-зовурларни тозалаш, фермер ҳамда томорқа ер эгаларини бу ишларга жалб қилиш, ҳашар йўли билан хўжаликлар экин ерларини ободонлаштириш ишлари бормоқда.
Мутахассислар фикрича, “шўр ювиш” олдидан экин ери 35-40 сантиметр чуқурликда шудгор қилиниб, молаланмоқда. Узун елканли текислагич билан икки йўналишда, қиялик фарқи 5 сантиметрда текислаш ишлари олиб борилмоқда. Шўрланган контурларни чуқур шудгорлашдан чиқариб, қиш мавсумида имкон қадар бостириб суғориш тақозо этилади. Бу борада ҳудудларда ўрганишларини олиб бораётган ишчи гуруҳлари томонидан фермер хўжаликларига керакли йўл-йўриқ ва тавсиялар берилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





