Халқаро ногиронлар кунига бағишланди
2024-12-03 11:00:00 / Янгиликлар

Маълумотларга кўра, ҳозирда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайан бир турдаги ногиронлик мавжуд. Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад–бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Айни кунда вилоятимизда 44 минг 300 нафар атрофида ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қилаётган бўлишса, шундан 4 минг нафардан ошиғи биринчи гуруҳга мансубдир. Тизимда олиб борилаётган халқчил ислоҳот, ижтимоий муҳофаза чора-тадбирлари натижасида вилоятимиздаги 212 минг нафардан ортиқ кекса авлод вакиллари, жумладан, 16 мингга яқин ногиронлиги мавжуд кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, меҳнат фронти фахрийлари бугун давлатимизнинг кафолатли ижтимоий ҳимояси остида умргузаронлик қилишмоқда.
Хусусан, ҳар йили ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 400 нафарга яқин якка-ёлғиз кексалар санаторийларга соғломлаштиришга юборилаётган бўлиб, 900 га яқин ногиронлиги бўлган кексалар зарур ногиронлик аравачалари, яна шунча фуқаро эшитиш мосламалари, жами 500 нафардан ошиқ жисмоний имконияти чекланган фуқаро қўлтиқтаёқ ва ҳасса билан таъминлаб келинмоқда.
Мазкур сана ҳар йили юртимизда кенг кўламда нишонланиб, бу борадаги эзгу ишлар яна бир бор сараланади. Айниқса, шу куни хаста ва беморлар, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кишилар каби меҳрга муҳтожлар ҳолидан хабар олинади. Куни кеча шундай меҳр-саховат тадбири Бухоро туманида ҳам “Оқшом” тўйхонасида ташкил этилди.
3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил қилинган байрам тадбирида туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва улар оила аъзолари ҳозир бўлдилар.
Тадбирда бу сана алоҳида нишонланишидан мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборат экани эътироф этилди.
—Ҳар ким ҳам баҳолиқудрат, имконияти етгунча ногиронларга ёрдам қўлини чўзиши бағрикенг халқимиз азалий қадриятларидан десак, муболаға эмас,— дейди Ногиронлар жамиятининг Бухоро тумани Кенгаши раиси Ҳамид Ғаниев.—Инсон борки, меҳрга, эътиборга эҳтиёж сезади. Кимнингдир кўнглини кўтариш, ҳолидан хабар олиш асл инсонийликдан. Юртимизда жисмоний имконияти чекланган юртдошларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан, ўзларини шу юртнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этишлари, ҳатто, халқ хўжалигининг турли тармоқларида ишлаб, турмуш кечиришлари учун бугун барча имконият ишга солинмоқда.
Шу куни тадбирда йиғилганларга ҳомий ташкилотларининг эсдалик совғалари топширилди ҳамда туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







