Шофиркон: "Ҳазор нур" зиёратгоҳига элтувчи йўл обод қилинмоқда
2024-11-19 11:50:00 / Янгиликлар

Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу қадамжо ўрнида азалдан кўҳна мозор, унда мингта қабр, тепаликдаги инсон шаклига ўхшаб кетувчи тош, ўша ердаги ғор ичидаги улкан қабр, “Кампиртепа” тепалиги ва ундаги иккига бўлинган тошлар ана шу ривоятдан сўзлайди гўё. "Ҳазор нур" дейилишининг сабаби эса, мингта қабрдан нур таралиб турар эмиш.
Айни кунда “Ҳазор нур” қадамжоси катта зиёратгоҳга айланган. Туман ҳокими қабулларидан бирига келган Бобоқул Усмонов бошчилигидаги нуронийлар мазкур зиёратгоҳга олиб борувчи қисқа йўлни текислаб, зиёратга борувчиларга қулайлик яратиш таклифини билдиришганди. Уларнинг айтишича, бу йўлнинг яхшиланиши зиёратчилар узоғини яқин қилиб, масофани 50 километргача қисқартиради ва йўловчиларга енгиллик беради.
Куни кеча туман ҳокими Алишер Файзиллоев бошчилигидаги ишчи гуруҳи оқсоқоллардан бир гуруҳи ҳамроҳлигида зиёратгоҳга олиб борувчи йўлни кўздан кечиришиб, техник чора-тадбирларни белгиладилар. Тадбир аввалида марҳумлар ҳақига дуои фотиҳа ва қурбонлик қилиниб, шу куннинг ўзида қисқа йўлни текислаш ишлари бошланди. Бу йўлда туман йўлсозлари ишчи-мутахассислари, грейдер ва бошқа техникалар ишга киришди. Дарҳақиқат, йўлнинг қисқартирилиб, рисоладагидай кўринишга келтирилиши нафақат зиёратчилар вақтини тежайди, балки улар саёҳатини хавфсиз ва қулайлигини таъминлайди.
“Ҳазор нур” қадамжосига борувчи йўлнинг яхшиланиши натижасида зиёратчилар оқимининг ортиши кутилмоқда. Бу лойиҳа нафақат маҳаллий инфратузилмани ривожлантиради, балки тарихий масканларнинг янада кенг оммалашишига хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




