Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар бериш ҳақида
2024-10-29 16:25:00 / Янгиликлар

Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.
«Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома талабларига асосан мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради.
Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.
Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин. Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли. Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли. Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли. Юқорида назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.
Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг вафот этган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
Нотариус қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома бериш пайтида мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос очилган жойи ва вақтини, мерос мол-мулки таркиби ва унинг жойлашган жойини, мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатини ҳамда қонун бўйича меросхўрлар доирасини аниқлайди.
Мерос қолдирувчининг вафот этганлиги ва мерос очилган вақт мерос қолдирувчининг ўлими ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар билан тасдиқланади.
Мероснинг очилиш жойи деб мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи ҳисобланади. Мероснинг очилиш жойи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг маълумотномалари асосида тасдиқланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Меросхўрларда ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, нотариус мероснинг очилиш жойини аниқлаш тўғрисида суд ҳужжати нусхасини талаб қилади.
Мерос таркиби мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида аниқланади.
Мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, туғилганлиги ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар, қариндошлик ёки бошқа муносабатларнинг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Мерос таркиби бир нечта мол-мулклардан иборат бўлган ҳолларда, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш вақтида Фуқаролик кодексининг 1150-моддасига асосан меросхўрларнинг талабига ва уларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларига мувофиқ нотариус улар ўртасида мерос мулкини тақсимлаш шартномасини расмийлаштириши мумкин.
Келишувга эришилмаган тақдирда эса мерос мулкини бўлиш суд тартибида амалга оширилади.
Шаҳлола Маликова,
Бухоро шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус
